Русский Ўзбекча English

Ҳиндистон билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков видеоконференцалоқа орқали Ҳиндистон Республикаси Темир йўллар, савдо ва саноат вазири П.Гоял билан музокаралар ўтказди.

Суҳбат давомида инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг изчил ўсишидан мамнун эканликларини билдирдилар. 2020 йил якунлари бўйича Ҳиндистон билан ўзаро савдо ҳажми қарийб 442 миллион долларни ташкил этди, бу эса 2019 йилдагисидан 25% кўпдир. Шу билан бирга, ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш юзасидан самарали чора-тадбирлар кўришга қизиқиш билдирилди ва яқин истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Жумладан, икки мамлакатнинг тегишли илмий-тадқиқот институтлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим тузиш имкониятларини баҳолаш бўйича ўтказилаётган қўшма тадқиқот натижаларини тайёрлашни жадаллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, томонлар қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтириш, саноат кооперациясини жадал ривожлантириш, Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзолашни жадаллаштириш ҳамда бизнес-форумлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ишбилармонлик  муносабатларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Шунингдек, молиявий-техник ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди - икки мамлакат вазирликлари ва идораларининг Ҳиндистон Эксимбанки ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларининг техник-иқтисодий параметрларини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш бўйича қўшма фаолияти жадаллаштирилди.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, тегишли тузилмалар мутахассислари орасидан халқаро транспорт йўлаклари тизимига интеграциялашиш бўйича тажрибани ўрганиш юзасидан қўшма эксперт гуруҳларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистон транспорт инфратузилмасини қуриш ва реконструкция қилиш соҳасида янги лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.

Видеоконференция якунида икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини тезкорлик билан ҳал этиш ҳамда иккала томон манфаатдор бўлган лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришни жадаллаштириш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар даражасида фаол мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech