Русский Ўзбекча English

Хоразм вилоятининг жадал ривожланишини таъминлаш бўйича вазифалар қайта кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш бўйича Ҳукумат комиссияси аъзолари тегишли вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг март ойида Хоразм вилоятига амалга оширилган ташрифи давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича берилган топшириқлар ижросининг мониторингини олиб бориш ҳамда вилоятда инвестиция, саноат ва иқтисодий фаолликни рағбатлантириш бўйича қўшимча захираларни аниқлаш мақсадида Хоразм вилоятига жўнаб кетди.

Жойларга чиққан ҳолда ҳудудда иш олиб бориш доирасида саноат, қишлоқ хўжалиги, инвестициялар, экспорт, тадбиркорлик, уй-жой ва инфратузилмавий қурилиш, сайёҳлик, ахборот-коммуникация тармоғи, ижтимоий ривожланиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш каби турли тармоқлардаги ривожланишнинг бугунги ҳолатини ўрганиш мақсадида 12 ишчи гуруҳи ташкил этилди. Шунингдек, устувор йўналишлар сифатида тадбиркорлар, экспортчилар, ижтимоий соҳа ишчилари ва ёшлар вакиллари билан алоҳида корхоналар, муассасалар ва маҳаллалар даражасида манзилли иш олиб бориш, юзага келаётган муаммоли масалаларни аниқлаш ва фойдаланилмаган заҳиралар ва имкониятларни ишга солиб, уларни тезкор ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифалари белгиланди.

Йиғилишда вилоят саноатини ривожлантиришга қўшимча туртки бериш вазифаси қўйилди ва шу мақсадда масъул раҳбарларга вилоятдаги барча саноат объектлар ҳолатини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва самарали қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш юзасидан топшириқлар берилди. Шунингдек, саноат ўсиши учун қўшимча захираларни, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ва уларни амалга ошириш жараёнининг ҳар бир босқичини белгилаган ҳолда янги инвестициявий лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳрининг инвестиция ва саноат салоҳиятини атрофлича ўрганиш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди. Хусусан, тижорат банклари раҳбарларига вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва саноат кооперацияси орқали тегишли тармоқларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш имконини берадиган йирик корхоналарни ташкил этиш имкониятларини ўрганиш топширилди.

Урганч шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди - тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига Тошкент шаҳри туманлари ва Қарши шаҳрини ривожлантиришни рағбатлантириш юзасидан тўпланган тажриба асосида Урганч шаҳри бўйича ҳам масъул ижрочилар ва амалга ошириш муддатлари кўрсатилган ҳолда аниқ тадбирлар рўйхатини қамраб олувчи алоҳида “Йўл харитаси”ни тузиш топширилди. “Йўл харитаси”да, бошқа тадбирлар қаторида, Урганч шаҳрида лойиҳаларни амалга ошириш ва йирик саноат компанияларининг филиалларини ташкил этиш учун турли ҳудудлардан йирик тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш механизмлари белгиланади. Бунинг учун тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ер участкалари, бўш бино ва иншоотларни ажратиш, муҳандислик инфратузилмасига уланиш, кредит ресурслари билан таъминлашда зарур ёрдам кўрсатилади.

Пандемиядан кейинги даврда шаклланган янги иқтисодий муносабатлар шароитида Хоразм вилояти ёшларини ҳудуднинг ишлаб чиқариш, инновация ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича ишларга жалб қилиш масалалари алоҳида тартибда муҳокама қилинди. Йиғилишда жаҳон иқтисодиётида рақамлаштиришни ривожлантириш ва инновацион технологик ечимларни кенг жорий этиш томонига ўзгаришлар тенденцияси кузатилаётганлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ёшлар учун ҳосил қилинган кўникмаларни аниқ корхоналар ва саноат объектларида амалий қўллаш имкониятини назарда тутадиган дастурлаш курсларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун Инновациялар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва “Ўзэлтехсаноат” Уюшмасининг раҳбариятига қамраб олинадиган маҳаллий ёшларнинг сони, курслар ташкил этиладиган аниқ ўқув юртлари ҳамда малакасини оширган ёш мутахассислар амалий машғулотлардан ўтадиган саноат корхоналари белгиланган ҳолда дастурчилар тайёрлашни ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш топширилди.

Хоразм вилоятидаги ишчи гуруҳларнинг иши ҳафта давомида амалга оширилади. Шундан сўнг, гуруҳлар фаолиятида эришилган амалий натижаларининг таҳлили асосида ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech