Русский Ўзбекча English

Хоразм вилоятида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва инвестицияларни жалб қилиш тизими қайта кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 14 март куни Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифаларни самарали амалга ошириш механизмлари ҳамда ҳудудда инвестиция фаолиятини жонлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Муҳокамада Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Хоразм вилояти ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалаларига масъул ўринбосарлари, тижорат банклари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасининг Европа давлатларидаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этдилар.

Муҳокама давомида масалалар “маҳаллий ҳокимликлар – масъул вазирликлар – хориждаги димломатик ваколатхоналар” уйғунлигида кўриб чиқилди ва бу ҳар ҳил даражадаги муаммоларни биргаликда кўриб чиқиш ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарларини ҳар бир туманга масъул этиб белгилаган ҳолда инвестицияларни жалб қилиш бўйича манзилли чоралар ишлаб чиқиш имконини берди.

Ҳудуднинг ҳар бир шаҳар ва туманларига бириктирилган хориждаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази томонидан ҳудуднинг саноат салоҳияти, ички ва ташқи бозорларнинг ҳусусиятларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ҳар бир аниқ лойиҳавий таклифга инвесторларни жалб қилиш бўйича ўзларининг салоҳиятини ишга солади. Мазкур йўналишларда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвесторларни жалб қилиш агентлигининг фаолияти ҳам кучайтирилади.

Бундан ташқари, юқори технологияларга асосланган хом-ашё базасини қайта ишлаш занжиридан келиб чиқиб якуний тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи янги йирик инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ҳамда саноати кам ривожланган туманларга жойлаштириш йўналишидаги ишларни кенгайтириш вазифалари ҳам белгилаб берилди.

Шунингдек, Хоразм вилоятининг Хазорасп туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди, хусусан маҳаллий аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали уларни бандлигини ошириш ва инвестиция фаолиятини жонлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш имкониятлари батафсил кўриб чиқилди.

Кўрсатиб ўтилган йўналишларда устувор вазифалари хусусий сектор вакилларига молиявий кўмак бериш мақсадида истиқболли лойиҳаларни амалга оширилишини молиялаштириш учун янги ресурс базаларини излаб топиш бўлган тижорат банкларининг рағбатлантирувчи ўрни алоҳида қайд этилди.

 Ишлаб чиқилаётган чора-тадбирларнинг пировард мақсади йирик иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш, маҳаллий инфратузилмани яхшилаш ва янги иш ўринларини яратиш орқали маҳаллий аҳолининг фаровонлигини оширишдан иборат.

 Муҳокамалар якуни билан, белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш ҳамда кутилган натижаларга эришиш учун узоқ муддатли идоралараро тизимли фаолият олиб бориш бўйича биринчи навбатда амалга ошириладиган оператив ҳаракатлар режаси шакллантирилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech