Русский Ўзбекча English

Хоразм вилоятида ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди

5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С. Умурзаков Урганч шаҳрида Хоразм вилояти ёш тадбиркорлари билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида ёшлар фаолияти ва тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар, шунингдек, ёшлар ва давлат ҳокимияти органлари ўртасида бевосита мулоқот ўрнатиш механизмлари муҳокама қилинди. Ёш авлоднинг жамият ва иқтисодиётни инновацион ривожлантириш драйвери сифатидаги ўрни қайд этилиб, ҳар томонлама таълим олиш ва малака оширишдан тортиб, ижодиёт ва тадбиркорлик билан шуғулланишда амалий ёрдам беришгача бўлган ёшлар лойиҳалари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизимини яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Муҳокама давомида ёшлар вакиллари ўз лойиҳаларини амалга оширишда дуч келаётган қатор муаммоларни, жумладан, бизнес юритиш тажрибасининг йўқлигини, касбий билим даражасининг етарли эмаслигини, молиявий ресурсларга, ер участкаларига, бино ва иншоотларга бўлган эҳтиёжнинг, бюрократик тўсиқларнинг мавжудлигини ва бошқа омилларни тилга олдилар.

Таъкидлаш жоизки, ёшлар хусусий масалалар билан бир қаторда муҳокама қилиш учун муҳим тизимли муаммоларни ҳам ўртага ташладилар ва уларнинг аниқ ечимларини таклиф этдилар. Чекка ҳудудлар ва қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи ёшларнинг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, зарур касбий кўникмаларни олиш, шунингдек, ижодий ва ишбилармонлик ғояларини амалга ошириш учун тенг имкониятлар яратиш борасида биргаликда иш олиб бориш умумий устуворлик сифатида белгиланди.

Бундан ташқари, учрашув давомида ёшларни иш билан таъминлашга ёрдам бериш, лойиҳа ва стартапларни амалга ошириш, шунингдек, ижтимоий йўналтирилган ташаббусларда иштирок этишнинг мавжуд бўлган ва ишлаб чиқилаётган механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Суҳбат якунлари бўйича аниқ лойиҳаларни шакллантириш, молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва ҳаётга татбиқ этиш механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида батафсил ўрганиш ва устида ишлаш учун энг истиқболли таклиф ва бизнес ғоялар танлаб олинди. Мутасадди раҳбарларга ушбу таклифлар ижросини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш топширилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech