Русский Ўзбекча English

Хоразм вилоятида бизнес масалалари муҳокама қилинди

Хива шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Хоразм вилояти ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашиб, улар билан ҳудуддаги долзарб масалалар ва ишбилармонларнинг муаммоларини муҳокама қилди.

Очиқ мулоқот ҳудудга хос бўлган муаммоларни аниқлаш имконини берди. Уларнинг ечимини топиш инвестициялар оқимини ошириш, саноатни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш учун зарурдир. Билдирилган барча масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди ҳамда тегишли вазирлик, идора, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига кўрсатмалар берилди.

Учрашув давомида тадбиркорларнинг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича конструктив таклифлари ҳар томонлама кўриб чиқилди. Инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари ва экспортчиларни тижорат банклари томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтириш, ер участкалари, бўш турган бино ва иншоотлар олиш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш, ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўлган турли сертификат ва рухсатномалар олиш, шунингдек, бошқа долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув иштирокчилари бу каби ўзаро муносабатлар шаклини олқишлаб, ҳукумат вакиллари ва бизнес ўртасидаги доимий мулоқот ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим омили эканлигини таъкидладилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech