Русский Ўзбекча English

Хоразм вилояти маҳаллалари, туман ва шаҳарларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс дастурини тайёрлаш борасидаги ишларнинг бориши кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида Урганч шаҳридаги студиядан видеоконференция шаклида Хоразм вилоятини жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рағбатлантириш борасидаги ишларнинг мониторингига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимликлар, тўрт сектор раҳбарлари ҳамда Хоразм вилоятининг туман ва шаҳарларидаги барча 519 маҳалла раислари иштирок этди.

Вилоятнинг туман ва шаҳарларига бириктирилган вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ҳамда тижорат банклари раҳбарларининг ижтимоий ва муҳандислик инфратузилма объектлари, ва аҳоли турмуш шароитларининг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш бўйича амалга оширилган ишлари юзасидан маҳаллалар кесимида дастлабки ҳисоботлари кўриб чиқилди.

Қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги истиқболли тармоқларни ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини, шунингдек, муҳандислик коммуникацияларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, сув, газ, иссиқлик ва электр таъминоти тизимларини модернизация қилиш ҳамда ижтимоий объектларни қуриш ва таъмирлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган ҳар бир маҳалла учун ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини тайёрлаш жараёни кўриб чиқилди.

Ушбу дастурлар ҳар бир маҳалланинг иқтисодий салоҳияти, аҳоли бандлигининг асосий йўналишлари, инфратузилманинг бугунги ҳолати ва ижтимоий жиҳатдан ривожланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида Хоразм вилоятида умумий қиймати 9,8 трлн сўмлик 686 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ва бунинг натижасида 15 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилганлиги ҳақида сўз борди.

Тадбиркорлар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш билан ишсиз аҳолини касаначиликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шундай қилиб, 1848 та аниқ корхона билан ҳамкорлик қилиб 55 мингдан ортиқ оила чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида барқарор даромад манбалари билан таъминланади.

Ишлаб чиқилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун бўш ер участкалари, бино ва иншоотларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилиш ва маҳаллаларни ободонлаштириш доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари рўйхатларини шакллантириш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишсиз қатламларини иш билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берилди.

Жойлардаги мавжуд вазиятни атрофлича ва холисона ўрганиш, аҳоли ва тадбиркорларнинг реал муаммолари билан танишиш, камчиликларни бартараф этиш ва қисқа муддатларда аниқ натижаларга эришишга қаратилган самарали ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг маҳалла раислари билан яқин ҳамкорлик қилиши зарурлиги қайд этилди.

Учрашув давомида маҳалла раислари ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича бир қатор таклифларини билдирдилар.

Йиғилиш якунлари бўйича мутасадди раҳбарларга Хоразм вилоятининг маҳалла, туман ва шаҳарларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тайёрлаш ишларини жадаллаштириш ва уларни бевосита бажаришга киришиш топширилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech