Русский Ўзбекча English

Хитой билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 31 март куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Хитой Халқ Республикаси савдо вазири (ХХР) Ван Вэньтао билан икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва устувор соҳаларда ўзаро келишувларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати муҳокамасига бағишланган музокаралари бўлиб ўтди.

Музокараларда Ўзбекистон ва Хитой дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Мулоқот давомида икки Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини ривожлантириш доирасида турли соҳаларда кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилди. Шунингдек, томонлар кимё, электротехника, тўқимачилик, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаси ҳамда қурилиш материаллари саноатида инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича мавжуд имкониятларни муҳокама қилдилар.

Ўзбекистонда Хитой инновацион технологияларидан фойдаланган ҳолда юқори фойда келтирувчи ишлаб чиқариш объектларини яратишга қаратилган янги лойиҳаларни амалга оширишга йирик Хитой компанияларини жалб этиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди. Ҳозирги кунда хитойлик инвесторлар билан ҳаётга татбиқ этилишини тақозо этувчи 40 та истиқболли лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган.

Шунингдек, мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон ва Хитой Ҳукуматлари ўртасида “2021-2025 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш дастури”ни тасдиқлаш тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқишни жадаллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга келишиб олдилар.

Алоҳида тартибда жорий йилда Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик Қўмитаси ва тегишли қуйи қўмиталарининг 6-йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Мазкур тадбирларнинг ўтказилиши икки томонлама шериклик ривожига сезиларли туртки бериши ва ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларини ажратиб олиш имконини яратиши таъкидланди. Шу билан бирга, яқин келажакда Ўзбекистон ҳукумат ва ишбилармон доиралари делегациясининг Хитойга ташрифини ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ўзбек экспортчиларининг Хитой бозорига янги узилган ва қуритилган мева - сабзавот маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш борасидаги манфаатлари қайд этилди ва шу муносабат билан, мулоқот чоғида ўзбек маҳсулотларини илгари суриш ва Хитой буюртмачилари билан барқарор ҳамкорлик механизмларини яратиш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.

Молиялаштирилаётган йирик инвестиция лойиҳалари сонининг кўпайтиришини назарда тутган ҳолда, ХХР Эксимбанки, Хитой Давлат тараққиёт банки ва “Ипак йўли” Жамғармаси билан ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Музокаралар якунида томонлар эришилган барча келишувларни амалга оширишга ўзаро содиқлигини, шунингдек, юзага келаётган масалалар юзасидан тезкор келишиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш учун мунтазам музокараларнинг долзарблиги ва самарадорлигини таъкидладилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech