Русский Ўзбекча English

Халқаро молия корпорацияси ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки «Indorama» компаниясига Қўқон суперфосфат заводини замонавийлаштиришда молиявий ёрдам беради

Жорий йилнинг 30 июнь куни видеоконференцалоқа шаклида «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals», Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўртасида умумий қиймати 25,0 млн долларга тенг бўлган кредит битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, ХМКнинг Европа, Лотин Америка ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Д.Бейкер, ЕТТБнинг ишлаб чиқариш ва хизматлар департаменти директори Ф.Люсент, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Х.Мори, «Indorama Corporation» ижрочи директори А.Лохия ва қатнашувчи томонларнинг бошқа вакиллари иштирок этдилар.

Тенг улушларда ажратилган ХМК ва ЕТТБ кредит маблағлари Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларидан фойдаланмаган ҳолда хорижий инвесторга тақдим этилади ва «Қўқон суперфосфат заводи» АЖни замонавийлаштиришда «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals»нинг тўғридан-тўғри инвестицияларини молиялаштириш учун йўналтирилади.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши режалаштирилган: биринчи босқичда иссиқхона экинлари учун сувда эрувчан ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва суперфосфат ишлаб чиқариш ҳажми йилига 100 дан 350 минг тоннагача оширилади. Иккинчи босқичда дикалций фосфат, калий сулфат ва сулфат кислота каби янги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Маросимда иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ қилиш, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш, корпоратив секторни ривожлантириш, давлат активларини хусусийлаштириш ва республикага инвестицияларни жалб этишда ХМК ва ЕТТБ томонидан мунтазам қўллаб-қувватланаётгани учун Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан алоҳида миннатдорчилик билдирилди.

«Қўқон суперфосфат заводи»ни замонавийлаштириш лойиҳаси давлат активларини самарали ва ошкора хусусийлаштириш намунаси ҳамда Ўзбекистонда хорижий инвесторнинг «success story»сининг намойиши бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

ХМК ушбу лойиҳани молиялаштиришдан ташқари, «Indorama» компаниясига ўғитларни тарқатиш тизимини ишлаб чиқиш ва ташкил қилишда маслаҳат кўмагини беради ва фермерларга ер сифатини бошқариш соҳасида техник ёрдам кўрсатади.

ХМК вице-президенти Д.Бейкернинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа маҳаллий фермерлар эҳтиёжлари қондириш ва экспорт қилиш учун юқори сифатли ўғитлар ишлаб чиқаришни оширадиган инновацион энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобига Ўзбекистоннинг кимё сектори ва қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

«Биз Ўзбекистонга фермерларнинг иш фаолиятини сезиларли даражада яхшилай оладиган, иш ўринлари ярата оладиган, мамлакатда озиқ – овқат хавфсизлигини оширадиган ва, умуман, мамлакатдаги инвестиция муҳитини яхшилай оладиган «Indorama Corporation» каби компаниялардан хусусий инвестицияларни жалб этишда кўмаклашишни давом эттиришни режалаштирмоқдамиз», - деди ХМК вице-президенти.

Ўз навбатида ЕТТБ департаменти директори Ф.Люсент банкнинг давлат корхоналари ва банкларни хусусийлаштириш бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатиш, шунингдек, Республикада банк кредит портфелини хусусий секторга урғу берган ҳолда кенгайтириш орқали Ўзбекистонга янада кўмак бериш нияти борлигини айтди.

Маълумот учун: «Қўқон суперфосфат заводи» АЖ 1935 йилда ташкил этилган бўлиб, компания фаолияти Қизилқум фосфорит комбинатининг «Тошқура» кони фосфоритларидан минерал ўғитлар ишлаб чиқариш эди. 2019 йилда заводнинг 96% акциялари «Indorama Corporation» томонидан сотиб олинди.

«Indorama Corporation» - дунёнинг 35 дан ортиқ мамлакатларида ўғитлар, полимерлар, полимер хом ашёлари, тўқимачилик, толалар ва тиббий қўлқопларни ўз ичига олган турли хил маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи, 40 000 дан ортиқ одам ишлайдиган шўъба корхоналари ва филиалларига эга бўлган Осиёдаги кимёвий саноат соҳасида етакчи холдинглардан биридир. Корхона Сахаранинг жанубида жойлашган Африка мамлакатларида энг йирик минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчиси, Ғарбий Африкадаги энг йирик полиолефин ишлаб чиқарувчиси ва дунёда учинчи йирик синтетик қўлқоп ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Шунингдек, компания пахта ва синтетик ипларни интеграллашган ишлаб чиқарувчиси ҳамдир.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech