Русский Ўзбекча English

Халқаро молия институтлари иштирокида инновацияларни жорий қилиш ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида Фарғона шаҳридаги студиядан видеоконференцалоқа орқали инновацияларни жорий қилиш ҳамда халқаро молия институтлари томонидан молиялаштирилаётган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари қатнашди.

Бир қатор соҳаларда, хусусан, мамлакат иқтисодиётининг “драйвери” ҳисобланган геология, тоғ - кон ва кимё саноатида инновацияларни жорий қилиш йўналишида эришилган натижалар қайд этилди.

Шу билан бирга, йиғилиш давомида янги ишланмаларни яратиш ва ҳаётга жорий қилиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, турли соҳалардаги амалий масалалар ва вазифалар ечимини топишга мамлакатимиз илмий-тадқиқот муассасаларини жалб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишни назарда тутган ҳолда бир қатор тармоқ бирлашмалари раҳбарларига инновацион фаолиятни кенгайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Инновацияларни жорий қилиш жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида ихтисослаштирилган муассасаларни малакали мутахассислар билан таъминлаш, “Global Innovation Index” халқаро рейтингидаги мамлакатимиз кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, илм-фан ва таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизациялаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Саноат ва ҳудудларни инновацион жиҳатдан ривожлантиришнинг жорий ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда юқори технологияли инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳалар сонини кўпайтириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва олий таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш, инновацион ривожланишга масъул бўлган давлат органлари раҳбарлари ҳамда илм-фан ва таълим муассасалари раҳбарларининг иш самарадорлигини баҳолаш топширилди.

Вазирлик ва идоралар раҳбарларига 2022 йилда инновацион ишланмаларни тижоратлаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи “Йўл хариталари”ни тайёрлашни таъминлаш, шунингдек, 2023 йилга мўлжалланган инновацион ривожланиш дастурларини шакллантириш ва кўриб чиқиш учун тақдим этиш топширилди.

Маҳаллий ҳокимият органларига инновацион ҳудудлар сифатида қўшимча туман (шаҳар)ларни аниқлаш ҳамда 2022-2023 йилларда ушбу зоналарни ривожлантириш бўйича аниқ дастурларни шакллантириш юзасидан таклифларни киритиш топширилди.

Инновацион ривожланиш вазирлигига, кейинчалик Республика раҳбариятига тақдим этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасини 2022-2026 йилларга мўлжалланган Инновацион ривожлантириш стратегияси лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

Йиғилишда халқаро молия институтлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган 105 лойиҳа учун 296 миллион доллар ўзлаштирилгани, бу режалаштирилган параметрларнинг 100 фоизини ташкил этгани маълум қилинди.

Шу билан бирга, сув таъминоти, гидроэнергетика, темир йўл транспорти ва соғлиқни сақлаш соҳаларида кўриб чиқилаётган бир қатор лойиҳалар учун лойиҳаолди ҳужжатларини мувофиқлаштириш бўйича ишларнинг бориши танқидий кўриб чиқилди. Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, саноат соҳаларида лойиҳаларни ҳаётга жорий этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилиниб, бир қатор масъул ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди.

Вазирлик ва идоралар кесимида жорий йил охиригача ишга туширилиши лозим бўлган 2,4 миллиард долларлик 29 лойиҳани амалга оширилиши кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига тегишли лойиҳаларни ўз вақтида ҳаётга жорий этиш ва фойдаланишга топшириш юзасидан манзилли топшириқлар берилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech