Русский Ўзбекча English

Грузия билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Натия Турнава билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди. Унда икки мамлакат ўртасида инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда уни чуқурлаштиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Конструктив мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги кўп қиррали шерикликнинг ривожланишидаги ижобий ўзгаришларни қайд этиб, турли даражадаги икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш орқали инвестициявий ва иқтисодий алоқаларни кучайтиришга қаратилган яқин ҳамкорликни кенгайтиришга содиқлигини билдирдилар.

Учрашувда кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан фикр алмашилди ва саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим ҳамда банк-молия соҳаларидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди. Иқтисодий шериклик кўрсаткичларини сезиларли даражада ошириш учун зарур барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Томонлар халқаро юк ташиш соҳасидаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида икки мамлакат савдо ҳамда транспорт вазирликлари ўртасида мунтазам алоқа ўрнатиш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишиб олди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди – Грузия томони туризм бизнеси соҳасида тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонга пресс-тур ташкил этиш учун мамлакатнинг етакчи хусусий компаниялар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар якунида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар шерикликка оид юзага келаётган масалаларни зудлик билан ҳал этиш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари даражасида мунтазам равишда музокаралар ҳамда видеоконференциялар ўтказиш амалиётини фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар, шунингдек, икки мамлакат вазирлари ўринбосарлари бошчилигида инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари ўзаро савдо таркиби ва ҳажмини кенгайтириш бўйича таклиф ҳамда амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, шу билан бирга, икки давлат ҳудудларида қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятларини ўрганишдан иборат бўлади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech