Русский Ўзбекча English

ГФР Ўзбекистонда янги молиявий - техник ҳамкорлик лойиҳаларини молиялаштиради

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги билан биргаликда видеоконференция шаклида ташкил этилган Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги молиявий-техник ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилди.

Тадбирда инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ш.Вафаев, Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳамда Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги, Ташқи ишлар федерал вазирлиги ва бошқа ваколатли органлари раҳбарияти иштирок этди.

Музокараларнинг кун тартибидаги асосий масала икки томонлама молиявий-техник ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳамда ГФР томонидан Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни келишишдан иборат бўлди.

Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлигининг янги «Стратегия – 2030»га мувофиқ, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги ягона ҳамкор-мамлакат сифатида белгилангани маълум қилинди.

ГФР делегацияси ушбу стратегияни муваффақиятли амалга ошириш ҳамда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиш мақсадида Германиянинг Тошкентдаги элчихонасида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлигининг махсус вакилини тайинлашга қарор қилинганлигини маълум қилди.

Германия томони касб-ҳунар таълими, кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш, янги иш ўринлари яратиш, ўсимликлар карантини хизматини яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизими ва бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштиришнинг янги ҳажмлари бўйича Ўзбекистон томонининг таклифларини қўллаб-қувватлади.

Музокара якунида Германия ҳукумати томонидан 2021 йил учун 61 млн евро миқдорида, жумладан, 23,5 млн евро – имтиёзли кредитлар ва 37,5 млн евро – Ўзбекистонда юқорида қайд этилган соҳаларда 8та лойиҳани амалга ошириш учун грантлар ва техник ёрдам шаклида мақсадли молиялаштиришни амалга ошириш масаласи тўғрисида келишиб олинди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги молиявий-техник ҳамкорлик бўйича кейинги икки томонлама ҳукуматлараро музокараларни 2022 йилда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech