Русский Ўзбекча English

Германиянинг кичик ва ўрта бизнеси билан ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 30 июль куни Германиянинг кичик ва ўрта корхоналар Федерал уюшмаси (BVMW) ва Европа Иттифоқи кичик ва ўрта бизнес миллий ассоциацияси (CEA-PME) раҳбарлари, шунингдек, Германия саноат ва транспорт-логистика компаниялари вакиллари билан видеоконференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, тармоқ вазирликлари ва идоралари раҳбарлари, Германия томонидан - АКТ, электротехника, тиббий косметика, қурилиш материаллари ва бошқа бир қатор тармоқларида фаолият юритувчи «Шнайдер Груп», «Дурум», «ЭрЭсПе Интернешнл», «Медикос Косметик» каби 38 та Германия компаниялари раҳбарлари иштирок этдилар.

Видеоконференция чоғида инвестиция ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва ривожланишининг истиқболлари, шунингдек, ўзаро манфаатли шерикликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.

Немис бизнесининг вакиллари компаниялар фаолияти ва Ўзбекистонда қўшма лойиҳалар амалга оширилиши тўғрисида тақдимот ўтказдилар. Чет эл тадбиркорлари Ўзбекистон ҳукуматининг инвестиция муҳитини яхшилаш, меъёрий-ҳуқуқий майдонни такомиллаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, коррупцияга қарши курашдаги ҳаракатларига ижобий баҳо бердилар, шунингдек, республикадаги фаолиятини кенгайтиришга тайёрлигини билдирдилар.

Видеоконференция доирасида ёқилғи-энергетика, банк сектори, тариф ва нотариф тартибга солиш, солиқ маъмурчилиги соҳаларидаги масалаларга тегишли савол-жавоблар сессияси бўлиб ўтди, унинг давомида хорижий тадбиркорлар ва бўлажак шериклар Ўзбекистон вазирликлари ва тармоқ идоралари вакилларидан батафсил маълумот олдилар.

Тадбир якунида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича кейинги қадамлар, жумладан, Германия кичик ва ўрта корхоналар Федерал уюшмаси ишчи гуруҳининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масалалари режалаштирилди. Германия ва Ўзбекистон ишбилармон жамоалари ўртасидаги муносабатларнинг устувор йўналишлари сифатида ҳамкорликнинг истиқболли ўсиш нуқталарини аниқлаш, саноат кооперациясида шерикликнинг янги йўналишларини ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш белгиланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech