Русский Ўзбекча English

Фарғона вилояти иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда

Жорий йилнинг 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Фарғона вилоятининг ижтимоий–иқтисодий ривожланишнинг бугунги ҳолатини ўрганиш ҳамда унинг инвестициявий, саноат ва экспорт салоҳиятидан фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун ушбу ҳудудга жўнаб кетди.

Сафар давомида ишчи гуруҳ аъзолари бир қатор ишлаб чиқариш объектларида бўлиб, технологик жараён билан танишди ва лойиҳалар ташаббускорлари билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотда тадбиркорларнинг ҳудудда фаолиятини кенгайтириш, қўшимча инвестицияларни жалб қилиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспортга етказиб бериш истиқболлари муҳокама қилинди.

Вилоятнинг иқтисодий салоҳияти қатор соҳаларда ишга солинмай қолаётгани, шу боис туман ва маҳаллалар кесимида устувор тармоқларда саноатни ривожлантириш учун мавжуд захира ва имкониятларни ўрганиш ҳамда қўшилган қиймат занжирларини яратиш бўйича ишларни фаоллаштириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Инвестицияларни жалб қилиш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратишга йўналтирилган юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишни назарда тутган ҳолда аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувларда тадбиркорлар ишлаб чиқариш фаолиятини олиб бориш жараёнида дуч келаётган муаммоларни кўтариб чиқдилар. Билдирилган барча масалалар атрофлича ўрганилди, уларни ҳал этиш алгоритмлари ишлаб чиқилди ва масъул раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech