Русский Ўзбекча English

Европа тикланиш ва тараққиёт банки коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатларини пасайтириш борасида Ўзбекистонга молиявий кўмак кўрсатади

Жорий йилнинг 7 апрель куни Бош вазир ўринбосари- инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Президенти С.Чакрабарти билан Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясини тарқалишига қарши ва глобал пандемияни Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бўлган таъсирини юмшатиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар, ҳамда ушбу масалалар ечимида ЕТТБнинг қўллаб-қувватловчи механизмларини видеоконференция шаклида муҳокама қилди.

С.Чакрабарти Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида аҳолини глобал пандемиядан ҳимоя қилиш ва унинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширилишини юқори баҳолади, айниқса иқтисодий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кенг кўламли чора-тадбирларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Инқирозга қарши жамғармаси ташкил этилганини алоҳида эътироф этди.

С.Чакрабарти ушбу мураккаб даврда ЕТТБ Ўзбекистонни вирус тарқалишига қарши курашда, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг бандлигини ошириш чораларини ва иқтисодиётни барқарор ишлашини таъминлашда молиялаштиришни мобилизация қилиш йўли билан тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Шу сабабдан, С.Чакрабарти Ўзбекистон томонидан берилган сўровга жавобан, кўмаклашишнинг биринчи босқичи сифатида ЕТТБ томонидан шакллантирилган Бирдамлик пакети (Пакетнинг умумий миқдори 1 млрд. АҚШ доллар) ҳисобидан тўртта ўзбек тижорат банкларига умумий қиймати 220 млн. АҚШ доллари бўлган кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит линиялари ва савдони молиялаштириш линиялари тақдим этилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, аҳоли ва корхоналар томонидан тўлаб бориладиган коммунал тўловлар тушумларини пасайиши сабабли қийинчиликка дуч келган ҳудудий коммунал корхоналарнинг айланма капиталини қўллаб-қувватлаш учун ЕТТБ 100 млн. АҚШ доллари миқдоригача бўлган молиялаштиришни тақдим этиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Конференция якунида С.Чакрабарти Ўзбекистон Республикаси Президентига ва мамлакатнинг бутун аҳолисига глобал пандемиянинг барча қийинчиликларини тезроқ енгиб ўтишни тилаб, ЕТТБ Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech