Русский Ўзбекча English

Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) вице-Президенти А.Пилоу билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, глобал инқироз жараёнларининг миллий иқтисодиёт ва мамлакат аҳолиси фаровонлигига таъсирини камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Энергетика, уй-жой коммунал хўжалиги, экология ва хусусий сектор соҳасидаги лойиҳалар атрофлича кўриб чиқилди. Томонлар давом этаётган лойиҳаларнинг амалга оширилишини янада тезлаштириш зарурлиги ҳамда пандемиянинг республика иқтисодиётига салбий таъсирини бартараф этиш учун ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли механизмлари ҳақида фикр алмашдилар.

ЕТТБ раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда хусусий тадбиркорликни молиялаштиришни сезиларли даражада ошириш стратегик мақсад сифатида белгилангани маълум қилинди ва шу сабабли Ўзбекистон тижорат банкларига кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари учун кредит линиялари шаклида қўшимча молиялаштиришни тақдим этиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон банк ва энергетика соҳасидаги ислоҳотларни изчил амалга оширишда Банк билан ҳамкорликнинг аҳамияти қайд этилди. Шу нуқтаи назардан Республикамизнинг бир қатор тижорат банкларида давлат улушини хусусийлаштириш, энергетика соҳасидаги давлат-акциядорлик компанияларининг корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, шунингдек, нефть-газ саноатидаги ислоҳотлар жараёнини бошлаш билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Томонлар катта экспорт салоҳиятига эга бўлган Ўзбекистон иқтисодиётининг энг самарали тармоқларидан бири - тўқимачилик саноатидаги лойиҳаларни молиялаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, ЕТТБнинг “Марказий Осиёда ишбилармон аёллар” махсус дастури орқали Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун молиялаштиришни жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасидаги аниқ йўналишлар ва лойиҳалар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech