Русский Ўзбекча English

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги Махсус вакили билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги тайинланган Махсус вакили Тери Ҳакалани қабул қилди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани ва стратегик характерга эга бўлгани таъкидланди. Шу муносабат билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги навбатдаги тадбирлар масаласи учрашув кун тартибидаги асосий мавзуси бўлди.

Мамлакат ишбилармон доираларининг Европа Иттифоқининг “GSP+” Преференциялар бош тизими афзалликларидан самарали фойдаланиш ҳақида хабардорлигини ошириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишига техник ёрдам кўрсатишга доир қўшма тадбирларни ўтказиш бўйича ҳамкорлик қилиш йўллари муҳокама қилинди. Шунингдек, Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим (КШҲТБ)ни тайёрлашни жадаллаштириш бўйича биринчи даражали чора-тадбирлар муҳокама этилди.

Бундан ташқари, суҳбат чоғида томонлар ковиддан кейинги даврда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи аъзолари ўртасидаги савдо айланмасини ошириш ва маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш борасидаги кейинги тадбирларни белгиладилар.

Европа томони кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун Ўзбекистонни молиявий - техник ёрдам воситалари орқали қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар якунида томонлар қўшма ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида кўп қиррали шерикликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech