Русский Ўзбекча English

Экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссиясининг Хоразм вилоятида амалга оширган ишларининг дастлабки якунлари сарҳисоб қилинди

Ҳудудлар ва тармоқлар экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси уч кун давомида Хоразм вилоятидаги инвестицион лойиҳаларини амалга ошираётган 2259 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти таҳлил қилинди ва ўз фаолиятида муаммоли масалаларга дуч келган 174 та корхоналар аниқланиб, комплекс ўрганишлар ўтказилди ва самарали ечимлар ишлаб чиқилди.

Хусусан, 62 та корхоналарда кредит маблағларига,
3 тасида бўш турган бино ва иншоатларга, 93 тасида ер майдонлари олишга эҳтиёж мавжудлиги, 6 тасида инжинерлик-коммуникация тармоқларига уланиш, 4 тасида жиҳозларни импорт қилишда божхона расмийлаштирувларини амалга ошириш, 6 тасида авия қатновлардаги чекловлар ҳисобига  хорижий мутахассисларни етиб кела олмаётгани натижасида қурилиш-монтаж ишларининг тўхтаб қолиши билан боғлиқ муаммолар аниқланди. Аниқланган барча муаммолар вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимлик органлари билан ўзаро яқин ҳамкорликда ўз ечимини топди.

Шу билан бирга, вилоятдаги барча экспорт қилувчиларнинг (100 та корхоналар) фаолияти ўрганилиб, уларнинг 35 тасида шошилинч равишда ечимини топиш талаб қилинадиган муаммолар аниқланди. Жумладан, уларнинг 13 тасида кредит маблағларига эҳтиёж, 7 тасида маҳсулотлар учун хорижий бозорлар топишда қийинчиликлар, 5 тасида алоҳида давлатларга юк ташишдаги чекловлар товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар, 3 тасида хорижий мутахассислар йўқлиги сабабли ишлаб чиқаришда тўхталиш, 2 тасида ер майдонига эҳтиёж, 2 тасида кредитга тўловларни ўз вақтида қайтаришда қийинчилик, 2 таси электр тармоғига уланишда муаммо ва 1 тасида муқобил юкташиш маршрутидан фойдаланиш ҳисобига транспорт харажатлари учун компенсация олишга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. Ушбу санаб ўтилган муаммолар ҳам ўрганиб чиқилди ва ўрнатилган тартибда ўз ечимини топди.

Бундан ташқари, Хоразм вилоятининг ҳар бир районида тижорат банкларига 20 гектардан кам бўлмаган майдонлар кичик саноат зоналари яратиш учун ажратилиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Ҳар бир зонага тегишли тижорат банки бириктирилди ва ички ва ташқи бозорда катта талабга эга юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда юқори технологияли инновацион саноат ишлаб чиқаришлари яратишга мўлжалланган истиқболли инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш уларнинг зиммасига юкланди.

Комиссиянинг Хоразм вилоятига чиқиб ишлаши, хусусан тегишли давлат органлари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимлик органлари фаолиятини мувофиқлаштирилиши натижасида эришилган энг муҳим ютуғ бу, тадбиркорларда юзага келган масалаларни тезкорлик билан хабар бериш ва уларга муносабат билдиришнинг барқарор тизими яратилганидир. Мазкур тизим доимий равишда ишлайди ва дунёда юзага келган беқарор муҳитда бизнесни мунтазам равишда ҳар томонлама қўллаб қувватлашга имконият яратади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech