Экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди

Жорий йилнинг 10 сентябр куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошчилигидаги Экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси Сурхондарё вилоятига ташриф буюриб, маҳаллий тадбиркорларнинг ташқи савдо фаолияти ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун имкониятларни аниқлаш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширди.

Хусусан, комиссия аъзолари бўлган вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари маҳаллий корхоналарга ташрифлар қилиб, экспортчилар билан суҳбатлар уюштиришди, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиб, уларни ҳал этишни тезлаштириш учун ўзаро ҳамкорлик қилиш чораларини ишлаб чиқдилар.

Шеробод туманида тадбиркорлар иштирокида ўтказилган комиссия йиғилишида амалга оширилган ишлар натижалари сарҳисоб қилиниб, яқин истиқболга мўлжалланган аниқ ҳаракатлар режаси тузилди.

Интерактив шаклда ўтказилган мазкур йиғилиш, бир вақтнинг ўзида вилоятнинг барча туманларини видеоалоқа орқали уланишига, маълумотларни тезкор алмашишга, масъул комиссиянинг аъзолари билан бирга кўтарилган ҳар бир масала бўйича тегишли ечимларни ишлаб чиқишга имкон яратди. Туманларга бириктирилган вазирлик ходимлари вазиятни назорат қилиб, аниқ кўрсатмалар олдилар.

Шунингдек, йиғилиш давомида жорий йилнинг 9 ойи ва йил якуни билан инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш  ҳамда экспортни амалга ошириш прогноз кўрсаткичлари кўриб чиқилди. Бунда, туман, шаҳар ва вилоят даражасидаги масъул раҳбарлар ва ходимлар инвесторлар билан ишларни ташкил қилишда ва экспорт фаолиятини амалга оширишда мавжуд бўлган тўсиқ ва ғовлар тўғрисида ахборот бериб, белгиланган вазифаларни таъминлаш бўйича таклифлар билдирдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech