Русский Ўзбекча English

Экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси Хоразм вилоятининг тадбиркорлари билан иш олиб бормоқда

Жорий йилнинг 20 март куни Ҳудудлар ва тармоқларда экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси ҳудудий тадбиркорлар ва экспортчилар билан яқиндан ишлаш ҳамда коронавирус пандемияси тарқалишининг иқтисодий оқибатлари ва глобал кризиснинг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўпламини амалга ошириш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Ташриф давомида комиссия аъзолари макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар доирасида ҳар бир корхона кесимида тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятнинг туман ва шаҳарларига қатор чиқишлар ташкил этадилар.

Бунда, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва экспортга маҳсулотларни етказиб беришнинг жорий ҳолати батафсил ўрганилмоқда, шунингдек коронавирус инфекциясининг тарқалиши оқибатлари – ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг пасайиши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо занжирларининг узилиши, нархларнинг пасайиши ва жаҳон молиявий бозорларидаги шароитнинг ёмонлашиши натижасида юзага келадиган муаммолар аниқланади. 

Шу ернинг ўзида, ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун нафақат мавжуд муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган, балки ташқи бозорлардаги талаб ва таклифнинг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган самарали ва ностандарт чоралар бўйича индивидуал дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, Республика комиссияси раҳбарияти томонидан тадбиркорлар билан доимий алоқада бўлиш, комиссия топшириқлари ижросини назорат қилиш ва глобал иқтисодий ҳодисаларнинг мамлакат иқтисодиётига таъсири туфайли келиб чиқадиган янги сўровларга тезкор жавоб бериш мақсадида, вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари вакилларидан иборат доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳини ташкил қилиш бўйича  қарор қабул қилинди.

Амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг пировард мақсади - ҳудуднинг барқарор иқтисодий ривожланиши ва тадбиркорлик субъектларининг барқарор фаолиятини таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларининг камайишига йўл қўймасликдир.

Республика комиссиясининг Хоразм вилоятидаги фаолияти давом эттирилмоқда. Комиссия ишнинг якуни билан мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ташриф буюради.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech