Русский Ўзбекча English

Экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси Фарғона вилоятидаги амалга оширган ишларининг якунлари сарҳисоб қилинди ва Андижон вилоятига жўнаб кетди

Ҳудуд ва тармоқларда экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссиясининг икки кунлик иши давомида Фарғона вилоятидаги 744 та корхоналарнинг фаолияти ўрганилди ҳамда ўрганишлар давомида 130 та муаммоли масалалар аниқланди. Мазкур муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан комиссия аъзолари, вазирликлар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимлик органлари билан биргаликда кечиктириб бўлмайдиган чоралар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилди.

Ўрганишлар натижасига кўра, 69 та корхонада кредит ресурслари ажратилишига эҳтиёж мавжудлиги, 13 тасида импорт қилинадиган технологик ускуналарни етказиб берилишидаги кечикишлар, 10 тасида ер майдони ҳамда бўш бино ва иншоотлар ажратилишига зарурат мавжудлиги, 8 тасида инженерлик коммуникацияларга уланиш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги, 6 та корхона турли ҳилдани лицензиялар учун рухсат олиш билан боғлиқ тўсиқларга дуч келаётганлиги аниқланди. Барча аниқланган муаммолар комиссия аъзолари, тегишли давлат тузилмалари раҳбарлари ва тижорат банклари билан яқин ҳамкорликда ҳал этилди.

Шунингдек, ҳудуддаги барча 257 экспортёр корхона фаолияти бўйича кенг қамровли таҳлил ўтказилди, натижада 82 та тадбиркорларда тезкор ҳал этишни талаб қилувчи муаммолар мавжудлиги аниқланди. Улардан 40 та экспортёрда кредит ресурслари ажратилишига эҳтиёж мавжудлиги, 5 тасида хорижий харидор топишдаги қийинчиликлар, 37 тасида ер майдони ажратиш, газ ва электр энергияси тармоғига уланиш, ускуналарни монтаж қилиш ишлари учун хорижий мутахасисларни келишидаги кечикишлар ва маҳсулотларни экспортга етказиб беришда баъзи мамлакатларда транспорт қатновларига қўйилган чекловлар билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги аниқланди. Ўрганилган ҳар бир масала тезкорлик билан кўриб чиқилди ва ҳал қилинди.

Фарғона вилояти Риштон туманидаги мавжуд кулолчилик ва ишлаб чиқариш устахоналари негизида миллий бадиий кулолчилик мактабини ривожлантиришни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ёш мутахассислар тайёрланадиган кулолчилик мактабига айланган мазкур корхоналар юқори малака талаб қилмайдиган индивидуал технологик операцияларни жалб қилиш орқали маҳаллий аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишламоқда.

Мактаб-корхоналарни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиш йўли орқали мазкур механизмни амалиётга жорий этиш, ташқи бозорларда талаб юқори бўлган ноёб кулолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Шунингдек, бадиий туризмни ривожлантиришга асос яратади, маҳаллий аҳолини ўз-ўзини бандлигининг зарурий даражасини таъминлайди ва бу ўз навбатида жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги ҳолатда ҳудуднинг иқтисодий барқарорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли даромадлари пасайишини олдини олиш учун замин яратади. Комиссия аъзолари томонидан аниқ молиялаштириш манбаларини жалб этиш орқали мазкур ташаббусни амалиётга жорий этиш механизмлари ишлаб чиқилди.

Шу билан бирга, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги бир қатор корхоналар фаолияти ҳам ўрганилди хусусан, маҳаллий тадбиркорларнинг узумчилик плантацияларини яратиш соҳасидаги  тажрибаларини республиканинг бошқа ҳудудларида жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Шу нуқта-назардан, маҳсулотларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда барқарор етказиб бериш ва сотиш каналларини йўлга қўйиш таъкидланди ва мазкур йўналишда ташқи юк ташувчиларга боғлиқ бўлмаган халқаро транспорт конъюктурасидаги ўзгаришларга мослашувчан агрологистик кластерларни яратиш истиқболли саналади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech