Русский Ўзбекча English

EDPF Жамғармаси билан инвестициявий ҳамкорликнинг янги истиқболлари

Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Қудратов видеоконференция шаклида Корея Эксимбанкининг Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси (EDPF) раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.

Кун тартибига мувофиқ, мулоқот қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ долзарб масалаларга, шунингдек, янги истиқболли йўналиш ва соҳаларни ривожлантириш орқали ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларига бағишланди.

Корея молия институтлари билан амалга оширилаётган инвестициявий шерикликнинг ўсиш суръатлари ошаётганлиги таъкидланди - соғлиқни сақлаш, фармацевтика, металлургия, машинасозлик, таълим, кимё саноати ва бошқа соҳаларда кенг кўламли лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда, уларнинг аксарияти тугалланиш босқичида ёки аллақачон ишга туширилган.

Мулоқот чоғида Корея томонига истиқболли йўналишлар – фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, биофармацевтик дори воситалари ишлаб чиқариш ва саноатнинг бошқа соҳалардаги янги лойиҳалар концепциялари кўриб чиқиш учун тақдим этилди.

Музокаралар якунида келгусида ҳамкорлик қилишнинг устувор йўналиши сифатида Ўзбекистон-Корея иқтисодий ҳамкорлиги доирасида шартномалар пакетини шакллантириш мақсадида тақдим этилган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий жиҳатлари устида биргаликда иш олиб бориш вазифалари белгиланди.

Маълумот учун: Корея Эксимбанкининг Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси (EDPF) 2016 йилда ташкил этилган. Жамғармахалқаро иқтисодий ҳамкорликни илгари суришга қаратилган инвестициявий, инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришнинг махсус механизми ҳисобланади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech