Русский Ўзбекча English

“Белдирсой-Чимён-Нанай” халқаро умуммавсумий курортини қуриш ва фойдаланишга топшириш лойиҳасини жадал амалга ошириш бўйича Бошқарув кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари С.Умурзаков ва А.Абдуҳакимовнинг ҳамраислигида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Белдирсой-Чимён-Нанай” халқаро умуммавсумий курортини қуриш ва фойдаланишга топшириш лойиҳасини жадал амалга ошириш бўйича Бошқарув кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашув давомида лойиҳани жадал амалга ошириш бўйича биринчи даражали вазифалар, жумладан, лойиҳани молиялаштириш билан боғлиқ бир қатор масалаларни ҳал қилиш, Франциянинг Хусусий секторга кўмак ва тадқиқот Фонди (FASEP) ёрдами билан “Geode”, “Manie Lives”, “Egis”, “Patriarche”, “Epode” француз компанияларининг консорциуми томонидан ишлаб чиқилган мастер-режага мувофиқ лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқилишини якунлаш, лойиҳа офиси фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, маҳаллий муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий ишларни бошлаш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, масъул раҳбарларга, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда, шу жумладан, курорт ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш учун чет эл ишбилармон доираларида реклама кампаниялари ва “роуд шоу”ларни ташкил этиш орқали маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича тизимли ишларни бошлаш топширилди.

Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистонда туризм соҳасининг инвестициявий салоҳиятини ривожлантириш ва ошириш ҳисобланади. Лойиҳа, жумладан, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳамда Франция ҳукумати молия институтлари маблағлари ҳисобидан туризм, йўл транспорти ва коммунал инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилаётган 500 млн АҚШ долларигача инвестицияларни жалб қилишни назарда тутади.

Маълумот учун: “Белдирсой-Чимён-Нанай” халқаро мавсумий курортини қуриш ва фойдаланишга топшириш лойиҳасини жадал амалга ошириш бўйича Бошқарув кенгаши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тоғли ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 559-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган. Кенгашнинг асосий вазифалари курортни қуриш ва самарали фаолиятини ташкил этиш бўйича давлат бошқарув органлари, маҳаллий ижро этувчи органлари ва хўжалик бирлашмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек,унинг ҳудудида инвестиция лойиҳалари амалга оширилишига амалий ёрдам бериш ва амалга оширилишини тизимли асосда назорат қилишдан иборат.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech