Русский Ўзбекча English

БАА билан кўп қиррали ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Бирлашган Араб Амирликларининг ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гергави билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва 25 та йўналиш бўйича тегишли “йўл хариталари”ни амалга ошириш соҳасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг боришини ўрганишга бағишланди. Ҳозирги вақтга қадар пандемия сабабли жорий этилган чекловларга қарамай, 147та қўшма тадбирлар ўтказилиб, натижада Ўзбекистоннинг 2 мингдан ортиқ давлат хизматчилари умумий давомийлиги 34 минг соатга тенг бўлган ихтисослаштирилган тренинглар доирасида ўқитилганлиги таъкидланди.

Алоҳида ҳамкорлик дастурлари ва лойиҳаларни амалга оширишда эришилган муваффақият таъкидланди - мисол учун, жорий йилнинг 11 ноябрь куни видеоконференция орқали давлат эҳтиёжлари учун энг яхши мобил иловалар «mGov Award» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Танловда 250 дастурчилар иштирок этди ва 100дан ортиқ инновацион ишланмалар ва дастурий маҳсулотлар тақдим этилди.

Шунингдек, учрашув давомида 2019 йилда Ўзбекистонда ишини бошлаган “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси 70 мингдан зиёд кишини қамраб олгани ва уларнинг аксарияти тегишли малакавий сертификатларни қўлга киритгани қайд этилди. Томонларнинг фикрича, мазкур лойиҳа икки томонлама ҳамкорлик доирасидаги асосий ташаббуслардан бири ҳисобланади, чунки унинг амалга оширилиши Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришни рағбатлантириш билан бир вақтнинг ўзида ёшларнинг малака ошириши ва иш билан таъминланиши масалаларини ҳал этиш имконини беради.

Шунингдек, БАА инвестиция корпорацияларини Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларида лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш орқали инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар муҳокама қилинди. Хусусан, Амирликлар инвесторларининг туризм, кўчмас мулк, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги давлат активларини хусусийлаштириш ва модернизация қилиш дастурида иштирок этишларининг истиқболлари кўриб чиқилди.

Мулоқот чоғида янги истиқболли йўналишларни - БААга ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш орқали савдо ҳамкорлигини чуқурлаштириш, экспортга йўналтирилган йирик саноат корхоналарини яратишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, туризмни ривожлантириш ва Ўзбекистонда Исломий молиялаштириш механизмларини жорий этишни қамраб олиш орқали икки томонлама ҳамкорлик дастурини кенгайтириш бўйича ҳам кейинги қадамлар келишиб олинди.

Пандемия даврида соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро алоқалар ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди - Амирликлар томони БААнинг етакчи ихтисослашган компанияларини Ўзбекистоннинг тиббиёт муассасаларини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича ишларга жалб қилишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида жорий йил оҳиригача ҳукумат ишлари бўйича вазир Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гергави бошчилигидаги Амирликлар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech