Русский Ўзбекча English

Қашқадарё вилоятини жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича биринчи даражали чора-тадбирлар белгилаб олинди

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қашқадарё вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида берилган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишига қаратилган биринчи даражали чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш бўйича Ҳукумат комиссияси аъзолари, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, тармоқ ва хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида вилоятда 728,2 млрд сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиб, 394 лойиҳа амалга оширилгани ва 1,6 мингга яқин янги иш ўрни яратилгани таъкидланди. Прогнозларга кўра, жорий йил охирига қадар умумий қиймати 1,9 трлн сўмлик 259 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 3,1 мингдан ортиқ қўшимча иш ўрни ташкил этиш имкони яратилади.

Вилоятда 2021-2022 йилларда умумий қиймати 28 трлн сўмлик 950 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши, шу жумладан, ҳудудий инвестиция дастури доирасида 2020 йилнинг 1 июлига қадар фойдаланишга топширилиши лозим бўлган 59 йирик саноат инвестиция лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.

Қўйилган мақсадларга эришиш учун ушбу объектларнинг ҳар бирига Вазирлар Маҳкамасининг инвестиция мажмуаси таркибига кирувчи вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари, шунингдек Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг раҳбар ва ходимлари бириктирилди. Уларнинг вазифаларига лойиҳаларнинг амалга оширилишини доимий назорат қилиб бориш ва юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда уларнинг ташаббускорларига самарали ёрдам кўрсатиш масалалари киради.

Бириктирилган раҳбарларга ҳар бир лойиҳа бўйича тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ва уларни иложи борича тезроқ амалга оширишни бошлаш топширилди.

Ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида иқтисодиётнинг аниқ соҳаларида вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳар ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда ҳамда ҳар бир туманда аниқланаётган “ўсиш нуқталари”га асосланиб 15 йирик янги саноат лойиҳалари (10 млн доллардан ортиқ) ва 110 ўрта миқёсли лойиҳаларни (5-10 млн доллар) шакллантириш вазифаси белгиланди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши 2020 йилнинг 1 сентябрига қадар таъминланади.

Бундан ташқари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда вилоят туман ва шаҳарларининг инвестиция ва саноат имкониятларини чуқур таҳлил қилиш асосида янги истиқболли инвестициявий таклифларни ишлаб чиқади. Ундан кейин маҳаллий ҳокимият органлари томонидан Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда лойиҳалар ташаббускорларини, аниқ бўш объектлар ва ер участкаларига бириктирилган ҳолда уларнинг жойлашувини, молиялаштириш манбаларини ва амалга ошириш муддатларини белгилаш бўйича ишлар олиб борилади.

Шунингдек, масъул раҳбарларга саноат ва қишлоқ хўжалиги, инвестициялар, экспорт, уй-жой ва инфратузилмавий қурилиш, ижтимоий ривожланиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳаларини қамраб олган 8та асосий йўналиш кесимида Қарши шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш, мавжуд муаммолар таҳлилини амалга ошириш ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳрида кичик саноат зоналарини яратиш ва уларни зарур муҳандислик коммуникацияларга улаш, ер участкалари, бўш бино ва иншоотларни ажратиш, кимё саноати ва машинасозлик соҳаларида юқори технологияли саноат ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга тўқимачилик ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини ташкил этиш бўйича ташаббуслар Қашқадарё вилоятида келгусида олиб бориладиган фаолиятнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Йиғилиш якунлари бўйича ҳар бир вазифа учун масъул раҳбарлар, ижро этиш муддатлари, идоралараро ҳамкорлик қилиш тартиби ва амалга оширишнинг мониторингини олиб бориш механизмлари белгиланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech