Русский Ўзбекча English

АҚШ савдо вазири У.Росс билан учрашув

Жорий йил 22 октябр куни Вашингтонда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг АҚШ савдо вазири У.Росс билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида иштирокчилар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдонинг жорий ҳолати ва товар айланмасини оширишнинг истиқболли механизмлари юзасидан фикр алмашдилар. Бу йуналишда томонлар, инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш учун мавжуд масалаларни тезкорлик билан ечимини топиш ва тўсиқларни бартараф қилишда идоралараро даражада ўзаро доимий фаолият олиб бориш зарурлигига амин бўлдилар.

Мулоқот давомида ўзбек делегацияси томонидан ўзаро савдони ривожлантириш борасида Ўзбекистоннинг АҚШга амалга ошираётган экспорт хажмини 60 та турдаги маҳсулотлар номенклатураси ҳисобига 1,5 млрд.долларга ошириш бўйича таклифи америка томони тарифидан ижобий қарши олиниб, ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди. Экспортбоп маҳсулотлар ҳажмлари акс эттирилган рўйхат АҚШ савдо вазирлигининг раҳбариятига кейинчалик савдо битимлари ва шартномалар устида ишлаш мақсадида топширилди.

Америкалик ҳамкасабалар таклиф этилган маҳсулотларга нисбатан америка бозоридаги эҳтиёжни чуқур ўрганишга ва ўзбек ишлаб чиқарувчиларини америка бозорига олиш чиқишига кўмаклашишга тайер эканлигини билдирдилар.

 

Шунингдек учрашув доирасида Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик даражасини ошириш учун давлатлараро алоқаларни ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолияти учун масъул бўлган вазирлар даражасида «C5+1» форматидаги платформа ташкил этиш таклифи баён этилди.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига америка томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш масалалари алоҳида мухокама қилинди.

Учрашув якунида ўзаро савдони жадаллаштириш ва масалаларни тезкорлик билан ҳал этишга қаратилган доимий биргаликдаги фаолиятни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва АҚШ савдо вазирлигининг юқори даражали экспертларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech