Русский Ўзбекча English

АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг бош ижрочи директори Адам Болер билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг (DFC) ижрочи директори Адам Болер билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали эришилган Ўзбекистон-Америка муносабатлари ривожланишининг ижобий динамикаси қайд этилди.

Учрашув давомида томонлар А.Болернинг 2020 йилнинг июлида Тошкент шаҳрига амалга оширган ташрифи чоғида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган "Марказий Осиё инвестициявий шериклиги" ташаббусининг йўлга қўйилганлигини олқишладилар.

1 миллиард доллардан кам бўлмаган ҳажмда маблағлар жалб этилишини кўзда тутувчи ушбу ташаббус Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига инклюзив, ошкора ва барқарор инвестициялар ўсишини рағбатлантириш учун восита бўлади.

Музокаралар давомида энергетика, инфратузилма объектлари, фармацевтика ва кимё саноати, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги аниқ лойиҳаларни молиялаштириш масалалари тўғрисида келишилди.

Шунингдек, «Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилиши бўйича минтақавий лойиҳани биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хорижий томон лойиҳанинг Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт-коммуникация алоқаларини мустаҳкамлаш ва минтақа давлатларининг барқарор ривожланишидаги аҳамиятига юқори баҳо берди.

Музокаралар давомида қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишни илгари суриш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш, шунингдек, DFCнинг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан ҳамкорлигини мувофиқлаштириш учун DFCнинг доимий вакилини Тошкент шаҳрига юбориш тўғрисида келишувга эришилди.

Эришилган келишувлар ижросини таъминлаш борасида тизимли ҳамкорликни ташкил этиш мақсадида томонлар келишув ва тасдиқланган лойиҳаларни тезкор равишда амалга ошириш учун қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга қарор қилдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech