Русский Ўзбекча English

Андижон вилояти тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказилди

Жорий йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигида ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тадбиркорлар муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, шунингдек, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун Андижон вилоятига йўл олди.

Комиссия ўз фаолиятини корхоналарга ташриф буюриб, тадбиркорлар билан мулоқотда бўлиш ва ишлаб чиқариш объектларининг бугунги ҳолатини ўрганиш орқали олиб борди. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қиймат занжирларини кўпайтириш ва янги юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳисобига корхоналарни кенгайтириш истиқболлари бевосита жойларда муҳокама қилинди. Шунингдек, корхоналарни амалий қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар, жумладан, янги истиқболли бизнес ғояларни рўёбга чиқариш имконини бериши мумкин бўлган тадбирлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, вилоятга ташриф давомида тадбиркор ва экспортчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унинг мақсади масъулиятли тузилмаларни жалб этган ҳолда ишбилармонлар муаммоларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ва устида ишлаш орқали уларни муҳокама қилиш ва ҳал этишдан иборат бўлди. Тадбирда ўз масалаларини кўтариб чиқиш имконига эга бўлган 230дан ортиқ тадбиркорлар қатнашди. Тилга олинган муаммоларнинг ҳар бири Комиссия аъзолари томонидан атрофлича ўрганилди.

Мулоқот давомида жами 189 муаммоли масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушди. Шу жумладан, 115 масала кредит ресурсларига бўлган эҳтиёж, 38 – ер участкалари, бўш бино ва иншоотларни ажратиш, 26 – зарур бўлган сертификат ва рухсатномалар олиш, 10 – солиққа тортиш соҳаси ва бошқа муаммолар билан боғлиқ масалалар кўтарилди.

Тилга олинган ҳар бир муаммо таҳлил қилинганидан сўнг, Комиссия раҳбарияти томонидан вазирлик, идора, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига ўрганилган масалаларни аниқ муддатларда ҳал этиш бўйича тезкор чоралар кўриш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Берилган топшириқлар сифатли ва ўз вақтида бажарилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан олиб борилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech