Русский Ўзбекча English

Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги президенти билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 28 июль куни Туркия Республикасига ҳукумат делегациясининг ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) президенти С.Каялар билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркиядаги мавжуд эпидемиологик вазият, пандемиянинг ҳар икки мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш ҳамда давлат бошқаруви, рақамли технологияларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликнинг қатор долзарб масалалари, шунингдек, маданий ва тарихий меросни сақлаб қолиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркия томонига Сардоба сув омборида рўй берган техноген ҳалокатининг оқибатларини бартараф этишдаги ёрдами ва Ўзбекистонда пандемияга қарши кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдирилди.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йилда Туркияга амалга оширган ташрифидан кейин икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганлигини таъкидладилар. Хусусан, TIKA билан ҳамкорлик ўрнатилганидан буён соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, таълим муассасаларини замонавийлаштириш борасида умумий қиймати 52,4 млн долларлик 800 лойиҳа амалга оширилган бўлса, ўтган уч йил мобайнида Агентлик кўмагида умумий қиймати 26 млн долларлик 147 лойиҳа амалга оширилди. Шу нуқтаи назардан, техник ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида томонлар 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини биргаликда ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишиб олдилар.

Шунингдек, яқин келажакда ҳамкорлик учун аниқ йўналишлар, жумладан, Ўзбекистон давлат органлари кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича амалий машғулотларни ташкил этиш, Бухоро шаҳридаги “Арк” мажмуасидаги масджидни ва Хива шаҳридаги “Иброҳимбой” ансамблининг мадрасасини қайта таъмирлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Орол денгизи ҳудудини кўкаламзорлаштириш, TIKA иштирокида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўқув марказини ташкил қилиш, Ўзбекистон солиқ ва молия соҳаларига рақамли технологияларни жорий этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунлари бўйича вазифалари 2021-2023 йилларга мўлжалланган дастурни шакллантириш ва ҳамкорликнинг муҳокама қилинган йўналишлари доирасида лойиҳаларни жадал амалга ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишдан иборат бўлган қўшма ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech