Русский Ўзбекча English

Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Кобул шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси вазирлик ва идоралари раҳбарларининг кенгайтирилган таркибдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Афғонистон томонидан саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нисар Аҳмад Горьяни, транспорт вазири вазифасини бажарувчи Қудратулла Заки, жамоат ишлари вазири вазифасини бажарувчи Нажибуллоҳ Ямин, шунингдек, бошқа вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва бошқа ташкилотлар раҳбарияти иштирок этди.

Учрашув давомида икки давлат ўртасида саноат кооперацияси, савдо, транспорт ва энергетика соҳаларига урғу берган ҳолда, кўп қиррали шерикликни ўрнатишга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоқлари, автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби энг истиқболли соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали саноат ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш учун мавжуд шарт-шароитлар муҳокама қилинди. Шунингдек, Афғонистоннинг бир қатор саноат корхоналарини модернизация қилиш бўйича ишга туширилган лойиҳаларни имплементация қилиш билан боғлиқ амалий масалалар кўриб чиқилди.

Томонлар ўзаро савдо ривожланишининг ижобий тенденцияларини таъкидладилар - фақатгина 2020 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан савдо айланмасининг 24 фоизга ўсишига эришилди. Шу нуқтаи назардан, икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳисобига ўзаро савдони янада ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги ҳам қайд этилди. Шу муносабат билан учрашув чоғида савдо қилишда мавжуд бўлган тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ўзбек ва афғон компаниялари томонидан ташқи савдо операциялари амалга оширилиши учун шароитларни оптималлаштириш бўйича истиқболли таклифлар муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги Битим лойиҳасини тайёрлаш бўйича икки мамлакатнинг тегишли идора ва вазирликларининг биргаликдаги ишларини фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, халқаро савдо ҳажмининг глобал пасайиши фонида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ўзаро юк ташиш динамикаси барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётганлиги таъкидланди - жорий йилнинг январь ойидан сентябрь ойигача бўлган даврда темир йўл ва автомобиль транспорти орқали ташишлар ҳажми 47 фоизга ошди. Учрашув иштирокчилари таъкидлаганидек, бу - икки томонлама йўловчи ва юк ташишларни тартибга солиш тизимини оптималлаштириш ва қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ҳисобига транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг улкан салоҳиятидан далолат беради.

Тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси иштирокида Афғонистон Ислом Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 110 млн доллар ажратишни назарда тутувчи "Сурхон-Пули-Хумри" электр узатиш линияси қуриш лойиҳасини молиялаштириш тўғрисида битим имзоланди. Маблағларнинг асосий қисми ташкилотнинг ўзбек пудратчилари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш ишларига йўналтирилади. Яқин келажакда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва "ДА Афғонистон Брешна Ширкат" ўртасида ушбу ЭУЛни қуриш бўйича тегишли шартнома имзоланади.

Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг тўғридан-тўғри мулоқоти кун тартибидаги асосий масалаларни муҳокама қилишга, ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқишга, белгиланган йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ келишувларга эришишга, қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича амалий ишларни белгилаб олишга ҳамда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг қўшма “Йўл харитаси”га киритиш учун чора-тадбирларнинг дастлабки рўйхатини шакллантиришга имкон берди.

Кенгайтирилган таркибдаги учрашув якунида иштирокчилар тадбир доирасида эришилган келишувлар икки томонлама ҳамкорликка кучли туртки беришига ва Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни мустаҳкамлашга хизмат қилишига қаттиқ ишонч билдирдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech