Русский Ўзбекча English

Афғонистон билан кўп қиррали ҳамкорликнинг бориши муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат иштирокчилари икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кун тартибини, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги шерикликни ҳамда ўзбек – афғон муносабатларини чуқурлаштириш бўйича келгусидаги чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.

Учрашувда кўп қиррали ҳамкорликнинг тадбирларга тўла кун тартибини шакллантирувчи икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг юқори даражаси ва конструктивлиги, шунингдек, ўзаро манфаатлар кесишмасининг кенг қўлами таъкидланди.

Афғонистон томони жорий йил ноябрь ойида ўзаро савдо айланмаси ҳажмини кўпайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишни, иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутувчи “Афғонистон Ислом Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарорининг қабул қилинганига ижобий баҳо берди.

Шунингдек, Қарорга мувофиқ, Термиз шаҳрида икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик масалалари устида ишлаш ва ўзбек – афғон шериклигини ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш учун вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилиши таъкидланди.

Учрашувда ўзаро савдо айланмаси ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича қўйилган вазифани бажаришга ўзаро тайёрлик билдирилди. Шу нуқтаи назардан, томонлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида битим лойиҳасини келишиш бўйича кейинги ҳаракатлар тўғрисида фикр алмашдилар. Шартноманинг имзоланиши савдо ҳамкорлиги учун мустаҳкам пойдевор яратиш, кўп турдаги соҳаларда ўзбек ва афғон тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва улар учун икки мамлакат бозорларига ўзаро киришни енгиллаштириш имконини беради.

Икки мамлакат ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишини бошлаш тўғрисида ҳам келишувга эришилди. Ушбу қадам учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш истиқболларига ва юқори қўшимча қийматга эга замонавий маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган саноат кооперациясининг қўшма лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шароит яратади.

Суҳбат давомида транспорт-логистика секторидаги амалдаги ўзаро ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди – транс-афғон транспорт йўлакларини ривожлантириш, халқаро автомобиль қатновини йўлга қўйиш ва икки мамлакат ўртасида мунтазам парвозларни тиклаш, шунингдек, минтақада транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда таълим секторига урғу берган ҳолда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони икки мамлакат олий таълим вазирликлари ўртасида афғон талабаларининг Ўзбекистонда ўқишларини ташкил этиш тўғрисида меморандум имзолаш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Учрашув якунлари бўйича томонлар лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари ва ҳар икки томоннинг масъул вазирлик ва идоралари кўрсатилган ҳолда савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида келишувга эришдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech