Русский Ўзбекча English

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ва Тожикистон Республикаси Бош вазири К.Расулзодалар ҳамраислигида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашувда икки давлат етакчилари ўртасидаги очиқ, ишончли ва конструктив мулоқот икки томонлама муносабатларни янги стратегик шериклик даражасига кўтариш, икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро тушуниш муҳитини мустаҳкамлашга замин яратгани таъкидланди.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилда Тожикистон Республикасига амлга ошириладиган ташрифига тайёргарлик кўриш асносида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш билан боғлиқ кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар.

Музокаралар чоғида савдо айланмасини янада кўпайтириш, унинг ҳажмини яқин йилларда 1 млрд долларга етказиш бўйича истиқболли имкониятлар муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, тоғ - кон ва электротехника саноати, энергетика ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, авто ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш соҳаларида қатор инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга биргаликда тайёргарлик кўриш бўйича келишувларга эришилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунида унинг давомида эришилган муҳим келишувлар ва келгуси кўпқиррали шерикликнинг асосий йўналишларини акс эттирувчи баённома имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистонга ташриф давомида Тожикистон делегацияси бир қатор саноат корхоналари ва объектларида бўлди.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech