Русский Ўзбекча English

2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигидаги ҳамда вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташрифи давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича берилган топшириқларнинг мониторингини олиб бориш ҳамда мавжуд муаммоли масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларига ва Нукус шаҳрига сафарларни амалга оширди.

Жойларга чиқиш ҳамда ҳар бир тумандаги маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан бевосита мулоқот қилиш чоғида ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган ҳукумат қарори лойиҳасига киритиладиган иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги вазифалар белгилаб олиниб, аниқ таклифлар тайёрланди.

Ҳужжат лойиҳаси Халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ва Нукус шаҳри Кенгашлари йиғилишларида тақдим этилди ва муҳокама қилинди. Бу ташаббус ҳам аҳолининг реал муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича самарали таклифларни ишлаб чиқиш имконини берди.

Шунингдек, бир қатор ижтимоий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари ва уларни имплементация қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари устида иш олиб борилди.

Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг 24 та асосий кўрсаткичлари бўйича орқада қолаётган Қорақалпоғистон Республикаси туманлари аҳолисининг фаровонлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилаётган дастурларнинг мақсадли параметрлари алоҳида тартибда ўрганилди. Шунингдек, энг мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазият кузатилган 45 маҳаллани комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастурлар тайёрлашнинг бориши кўриб чиқилди.

Шу нуқтаи назардан, иқтисодий ўсиш нуқталарини аниқлаш ва ишга солиш ҳамда аниқ лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида ҳудуднинг инвестиция ва саноат салоҳиятини батафсил ўрганиш зарурияти қайд этилди.

Шунингдек, саноат ва қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ҳамда экспортга йўналтирилган юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган қатор инвестициявий лойҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Вилоятда қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва зарур жиҳозлар билан таъминланишга муҳтож ижтимоий соҳа ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг барча объектларини ҳисобга олиш ва тегишли манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Қонликўл туманида соғлиқни сақлаш соҳасини, Элликқалъа туманида мактабгача таълим соҳасини, Тахиатош ва Нукус туманларида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, Кегейли ва Мўйноқ туманларида йўл инфратузилмасини мустаҳкамлаш, Қораўзак ва Чимбой туманларида ичимлик суви билан таъминлаш тизимини ривожлантиришга ўткир эҳтиёж сезилаётганлиги қайд этилди.

Олиб борилган ишлар якунида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва барча туманларига бириктирилган вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва раис ўринбосарлари, Нукус шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси барча туманларининг ҳокимлари ва сектор раҳбарлари иштирокида видеоконференция орқали йиғилиш ўтказилди. Унинг давомида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасида маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини ҳар томонлама ҳисобга олиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech