Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон Республикаси Президенти билан очиқ мулоқотда иштирок этиш учун тадбиркор ва инвесторларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича Штаб ўз ишини бошлади

Тез кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат тадбиркорлари ва инвесторлари билан очиқ мулоқот ўтказади. Тадбирда бизнес вакиллари билан уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммолар муҳокама этилади ва ҳал қилинади, шунингдек, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббуслар кўриб чиқилади.

Шу муносабат билан ушбу тадбирни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 21 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва вилоятлар даражасидаги маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Савдо-саноат палатаси ва бошқа масъул идоралар билан биргаликда тадбиркорларнинг мурожаатлари ҳамда таклифларини қабул қилиш бўйича Штаб тузилгани маълум қилинди. Штабда иш олиб бориш учун барча асосий вазирлик ва идораларнинг ходим ва мутахассислари жалб этилган ҳамда кечаю-кундуз фаолият кўрсатувчи “колл-марказ" орқали мурожаатларни қабул қилиш амалга оширилмоқда.

Вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат таҳлилий гуруҳ қабул қилинган мурожаатлар билан дастлабки ишларни олиб боради ва бўлажак тадбир кун тартибини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар куни умумлаштирилган маълумотномаларни юборади.

Штаб фаолиятини ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар ва мурожаатларни қабул қилишнинг жорий натижалари тўғрисида ҳисоботлар тингланди. Штабнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда келиб тушаётган мурожаатларни сифатли таҳлил қилиш, шунингдек, кўриб чиқилаётган масалаларни тезкор ва самарали ҳал этиш учун махсус тизимни жорий қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига тадбиркорлар, инвесторлар ва экспортчилар билан манзилли ишларни фаоллаштириб, уларни тадбирда иштирок этишга жалб қилиш, улар дуч келаётган масалалар ва таклифларни аниқлаш ҳамда тизимли ва алоҳида учрайдиган муаммоларни турлари бўйича таснифлаш ва тизимлаштириш, шунингдек, аниқланган масалалар асосида мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилашга доир конструктив таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, ишбилармон доиралар вакиллари билан давлат ўртасида бевосита мулоқот қилишнинг доимий механизмини яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароитларни шакллантириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш долзарблиги ҳам қайд этилди.

Маълумот учун: Давлат раҳбари билан очиқ мулоқотда иштирок этиш учун тадбиркор ва инвесторларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича Штаб кечаю-кундуз фаолият юритади. 20 июлдан 31 июлгача Сиз ўз муаммо ёки таклифингиз билан мурожаат қилиб, мамлакат Президенти билан бевосита уларни муҳокама қилиш имкониятга эга бўлишингиз мумкин.

Алоқа учун маълумотлар:

Колл-марказ: + 998 71 238 52 52

Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг “ишонч телефони”нинг рақами: 1100

Савдо-саноат палатаси: + 998 71 150 60 06

Бизнес-омбудсмен: + 998 71 202 09 06

Шунингдек, ИТСВ ва Савдо-саноат палатасининг ижтимоий тармоқлардаги расмий аккаунтлари орқали биз билан боғланишингиз мумкин:

Facebook: www.facebook.com/mift.uz

                www.facebook.com/uzchamber

Instagram: www.instagram.com/mift.uz

                 www.instagram.com/uzchamber

Telegram: t.me/uzchamber, @offer_bot

Электрон почта манзили: info@mift.uz, info@chamber.uz

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech