Русский Ўзбекча English

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) 1991-йил 8-декабрдаги МДҲ тузиш тўғрисида битим ва 1991-йил 21-декабрдаги мазкур Битим Протоколи асосида ташкил қилинган.

Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Беларус Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ва Украина МДҲ иштирокчи давлатлари ҳисобланади.

МДҲ Ижроия Қўмитаси Ҳамдўстликнинг ижро этувчи, ма’мурий ва мувофиқлаштирувчи идорасидир. Унинг штаб-квартираси Минскда ва бўлинмаси Москвада жойлашган.

Ўтган йиллар мобайнида МДҲ доирасида иштирокчи давлатлар учун савдо-иқтисодий муносабатлар, коммуникация ва транспорт тармоқларини янада ривожлантириш, хавфсизликни та’минлаш ҳамда гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш каби устувор йўналишларни ўз ичига олувчи қатор ҳаётий муҳим йўналишлар бўйича кенг кўламли ҳуқуқий асос яратилди ва ҳамкорликнинг восита ва механизмлари ишлаб чиқилди.

Ҳамдўстлик иштирокчи давлатларнинг барқарор рувожланиши ва хавфсизлигига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарларга ўз вақтида муносиб жавоб қайтариш борасида ўзаро мақбул ёндошувлар ва келишилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, муаммо ва келишмовчиликларни ҳал қилиш, МДҲ ҳудудидаги фуқароларнинг ўзаро мулоқот юритишлари учун кенг имконият яратди.

Ўзбекистонда МДҲга кўп режали муносабатларни мувофиқлаштирувчи механизм ва бевосита мулоқотлар олиб бориш, давлатлараро музокараларни ташкил қилиш, жумладан МДҲ форматида давлат раҳбарлари ва тегишли идоралар бошлиқлари даражасида икки томонлама учрашувлар ўтказиш майдони, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорлик шарт-шароитларини яратишда манфаатдор бўлган суверен давлатларнинг бирлашмаси сифатида қарашади.

Ўзбекистон Республикаси МДҲнинг асосий низомий ва тармоқ органлари фаолиятида иштирок этади.
Ўзбекистон Ҳамдўстлик ташкил этилгандан бошлаб унинг доирасида иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва янгича асосда хўжалик алоқаларини жараёнларга сиёсий тус бермаган ҳолда амалга ошириш тарафдори бўлган давлатлар қаторига кирган.

Ўзбекистон МДҲ доирасида амалдаги ўзаро савдо тартибини ёмонлаштирмайдиган тамойилларга асосланган, тўлақонли эркин савдо ҳудудини ташкил этиш тарафдоридир. Бу МДҲ ҳудудида барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни та’минлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон томони жаҳондаги жадал ўзгаришлар шароитида МДҲни давлатлараро ҳамкорлик тизими сифатида доимий музокаралар, олий даражада сиёсий мулоқотлар, вужудга келаётган янги таҳдид ва хавф-хатарларга қарши келишилган ёндошувлар ишлаб чиқиш, халқаро хавфсизликка оид кўплаб долзарб масалаларни ҳал этишнинг муҳим механизми деб ҳисоблайди.

Ҳамдўстлик кўп режали ҳамкорликни мувофиқлаштирувчиси бўлиши ва барча иштирокчи давлатларнинг максимал ижтимоий-иқтисодий ютуқларга эришишишлари мақсадида хўжалик жараёнларини тартибга солувчи ролини ўйнайди ва унинг фаолияти шунга йўналтирилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech