Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқаларининг фаол ривожланиб бориши кўп ҳолларда ташқи савдо юк ташиш тизимини ривожлантириш борасида бутун Марказий Осиё тўқнашадиган мавжуд муаммолар ҳал этилишига боғлиқ. Академик В. Бартольд қайд этганидек: “Туркистон келажаги у жаҳон савдосида қайси ўринга эга бўлишига боғлиқ. Туркистоннинг савдога оид моҳияти қуруқликдаги ҳамда денгиз савдоси моҳиятини қайта тикловчи темир йўллари ривожланишига боғлиқ”.

СССР инқирозга учраганидан сўнг, денгизга чиқишга эга бўлмаган давлатлар сони 29 га етди ва Ўзбекистон Республикаси бунда алоҳида ўрин тутади, чунки у дунё океанидан камида иккита давлат ҳудуди билан ажратилган жаҳондаги иккита давлатлардан бири ҳисобланади.

Мустақил бўлишдан аввал Ўзбекистон ўз ташқи иқтисодий алоқаларини қуйидаги учта денгиз порти - Ильичевскдаги (Қора Денгизга чиқиш), Санкт-Петербургдаги (Болтиқ денгизига чиқиш) ва Владивостокдаги (Узоқ Шарқ портларига чиқиш) портлар орқали амалга ошириши мумкин эди, республикадан ушбу портларгача бўлган масофа 3000, 4300 ва 8000 км.ни ташкил этиб, юк ташиш қиймати ошиб кетар эди. Бироқ, мамлакатнинг мустақил ривожланиб бориши йиллари давомида, давлат раҳбариятининг мақсадга йўналтирилган сиёсати шарофати билан ушбу йўналишдаги ҳолат тубдан ўзгарди.

Ташқи савдо юкларини ташиш учун муқобил транспорт йўлакларини излаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг фаол чора-тадбирлари ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларнинг мувофиқлаштирилган иши натижасида халқаро транспорт йўлаклари тармоғи ташкил этилди ва такомиллаштириб борилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо юк ташишлари қуйидаги асосий транспорт йўлаклари орқали амалга оширилади:

1-йўлак —  Болтиқбўйи мамлакатлари портлари йўналишида (Қозоғистон ва Россиядан транзит орқали) — Клайпеда (Литва), Рига, Лиепая, Вентспилс (Латвия), Таллинн (Эстония);

2-йўлак — ЕИ мамлакатлари йўналишида, Беларусь ва Украина орқали (Қозоғистон ва Россиядан транзит орқали) — Чоп (Украина) ва Брест (Беларусь) чегараси;

3-йўлак — Украинанинг Ильичевск портига (Қозоғистон ва Россиядан транзит орқали), Қора Денгизга чиқиш билан;

4-йўлак — ТРАСЕКА йўлаги сифатида маълум бўлган Транскавказ йўлаги йўналишида (Туркманистон, Қозоғистон ва Озарбайжондан транзит орқали), Қора Денгизга чиқиш билан;

5-йўлак — Эроннинг Бандар Аббос портига (Туркманистондан транзит орқали), Форс кўрфазига чиқиш билан;

6-йўлак — Қозоғистон – Хитой чегараси орқали шарқий йўналишда (Достиқ/Алалшанькоу) Хитойнинг шарқий портларигача, шунингдек Узоқ Шарқнинг Находка, Владивосток ва бошқа портларигача;

7-йўлак — Хитой портларига (Қирғизистондан транзит орқали) Сариқ, Шарқий-Хитой ва Жанубий-Хитой денгизларига чиқиш билан;

8-йўлак — афғон муаммосининг тартибга солиниши муносабати билан Афғонистондан транзит орқали Эрон ва Покистоннинг Бандар Аббос, Чахбахар (ИРИ), Гвадар ва Карачи (ИРП) портларига жанубий муқобил транспорт йўлакларини ишлаб чиқиш бўйича янги истиқболлар очиб берилмоқда.

1996 йилнинг 12 майида Ўзбекистоннинг фаол иштирокида масофаси 320 км.ни ташкил этган Тежон – Серахс – Машҳад темир йўл магистралининг (Серахс бекатида ғилдирак жуфтлиги 1520 мм.дан 1435мм. темир йўлга ўзгартирилган ҳолда) амалга киритилиши халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришда сезиларли ютуқ бўлиб, у Марказий Осиё мамлакатлари Эрон ва Туркия ҳудудлари орқали дунё бозорига чиқиши учун янги Трансосиё йўлагини очиб берди. Шу йили Серахсда Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркманистон раҳбарияти “Темир йўл транспорти фаолиятини мувофиқлаштириш тўғрисида шартнома” ва “Иштирокчи мамлакатлар ўртасида транзит юкларни ташишни тартибга солиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим” имзолади.

2005 йилнинг май ойида Эрон ҳудудида Машҳад - Бандар Аббос йўналишида (Теҳронни айланиб ўтган ҳолда) Бафк - Машҳад темир йўлининг қурилиши тугатилганлиги муносабати билан Бандар Аббос портигача бўлган масофа камида 800 км.га қисқарди.

1998 йилнинг сентябрь ойида Баку шаҳрида Озарбайжон, Грузия ва Ўзбекистон ташаббусига кўра, шунингдек Европа Иттифоқи ёрдамида “ТРАСЕКА - Тарихий Ипак Йўлининг қайта тикланиши” Халқаро Анжумани ўтказилди. Анжуман якунида 12та давлат раҳбарлари, шу жумладан Ўзбекистон раҳбарияти “Европа-Кавказ-Осиё йўлагини ривожлантириш бўйича халқаро транспорт тўғрисида асосий кўптомонлама битим” ҳамда халқаро темир йўл транспорти, халқаро автомобиль транспорти, халқаро савдо кемачилиги, божхона тартиботлари ва ҳужжатларни қайта ишлаш бўйича мазкур Битимнинг Техник Иловаларини имзоладилар.

“Европа-Кавказ-Осиё” транспорт йўлаги (ТРАСЕКА) ерусти ва денгиз йўналишлари тармоғини ифода этиб, улар Қора денгиз орқали Европадан Кавказ ва Каспий денгизи орқали Марказий Осиё республикаларига ўтади. Бир томондан Европа ва Осиё ўртасида савдо муносабатларининг ривожланиши ҳамда асосий товар ишлаб чиқарувчилари Осиёда, истеъмолчилар эса Европада жойлашиши, иккинчи томондан юк эгалари бўлган йирик мамлакатлар юк оқимининг юзага келиши талқинида ТРАСЕКА йўналишини кўриб чиққан ҳолда шундай хулосага келиш мумкинки, товарларни Европага ТРАСЕКА транспорт йўлаги орқали етказиб бериш ғоят жозибадор кўринади. Йокогамадан энг йирик Ғарбий Европа портларигача (Роттердам, Гамбург, Антверпен ва бошқалар) бўлган асосий трансокеан йўналиши масофаси ТРАСЕКА йўналишига нисбатан камида 2 баравар узоқ.

2003 йилнинг 18 июнида Теҳрон шаҳрида (Эрон) Ўзбекистон Республикаси, Афғонистон Ислом Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси давлат раҳбарлари томонидан “Халқаро трансафғон транспорт йўлагини барпо этиш тўғрисида битим” имзоланиб, мазкур Битим республиканинг ташқи савдо юкларини Эрон портларига ташиш масофасини 1500 км.га қисқартириш имконини яратади.

2011 йилнинг март ойида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида транспорт ва товарлар транзити соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим”нинг кучга кириши ҳамда Афғонистондаги ҳолатнинг барқарорлашиши муносабати билан Ўзбекистондан юкларни транзит олиб ўтиш учун Афғонистон ҳудудидан фойдаланиш юзасидан янги истиқболлар очилмоқда, бу эса ташқи савдо юкларини Эрон ва Покистон портларига ташиш йўналишлари диверсификациясига ижобий таъсир этмоқда.

Ўзбекистонда ҳам мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш мақсадида магистрал темир йўл коммуникацияларини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда.  2001 йилда масофаси 341 км.ни  ташкил этган “Навоий – Учқудуқ – Султон Увайстоғ” темир йўл линияси қурилишининг якунланиши ҳамда 2007 йилда масофаси 220 км.ни ташкил этган “Тошгузар - Бойсун - Қумқўрғон” темир йўл линияси қурилишининг якунланиши бунинг тасдиғидир.

2010 йилнинг ноябрь ойида қурилган ва фойдаланишга топширилган, масофаси 75 км.ни ташкил этган Афғонистондаги биринчи “Хайратон — Мозори-Шариф” темир йўл линияси бутун Марказий Осиё минтақаси учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Мазкур лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик темир йўл компанияси томонидан ОТБ ёрдамида амалга оширилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech