Русский Ўзбекча English

Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдосини ривожлантиришда транспорт хизматлари: янги истиқболлар ва долзарб вазифалар

 

Ўтган беш йил мобайнида Ўзбекистон иқтисодиёти 24%, саноат - 34%, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар - 3 баробарга ўсди.

Кейинги беш йилда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш учун 120 млрд. доллар жалб қилинади, шундан камида 70 млрд. доллар хорижий инвестициялар бўлади. Транспорт соҳаси, йўл қурилиши ва бошқа соҳаларга давлат-хусусий ҳамкорлигига асосланган лойиҳалар доирасида 14 млрд. доллар инвестициялар жалб этилади.

Ўзбекистон Республикаси кейинги беш йилда иқтисодий ўсишни 1,5 баробар ошириш ва ЯИМни 100 млрд. долларга етказишни шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баробар оширишни режалаштирмоқда. Мамлакат экспорт салоҳияти 1,7 баробар ошиб, 2026 йилда 30 млрд. долларга етади. Экспорт таркибида хом ашё улуши 23% камаяди ва тайёр маҳсулот ҳажми 2,5 баробарга ошади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда юк ташишнинг умумий ҳажми 1,4 баробар, халқаро юк ташиш (экспорт, импорт ва транзитни ҳисобга олган ҳолда, қувур транспортидан ташқари) ҳажми эса 1,6 баробар ошади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, иқтисодиёт ва ташқи савдонинг барқарор ривожлантиришга, аҳоли фаровонлигини оширишга транспорт, инфратузилма ва логистиканинг тизимли ва жадал ривожланишисиз эришиб бўлмайди. Шу муносабат билан, сўнгги йилларда, Ўзбекистонда халқаро транспорт коридорларини шакллантириш, логистика занжирларини шу жумладан, юк ва транспорт воситаларини чегара пунктлари орқали ўтказиш жараёнларини рақамлаштириш, халқаро товарлар етказиб беришда тўсиқларни камайтириш, экспорт маҳсулотлари шартнома қийматида транспорт ва бошқа харажатларни оптималлаштириш, юк етказиб бериш тезлигини ошириш, Жаҳон банкининг LPI (Logistics Performance Index) рейтингида мамлакат кўрсаткичларини яхшилашга устувор аҳамият берилмоқда.

Бир қатор қарорларнинг COVID 19 пандемияси бошланишидан анча олдин қабул қилинганлиги, жаҳонда рўй берган инқироздан Ўзбекистон Республикасини минимал даражадаги йўқотишлар билан чиқиб кетишига имкон яратди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майдаги “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” №ПҚ-4707 Қарори асосида иқтисодий тикланишни жадаллаштириш мақсадида транспорт туридан қатъий назар экспорт маҳсулотларини ташиш билан боғлиқ транспорт харажатларини қисман қоплаб бериш тизими жорий этилди.

 

Темир йўл транспорти

Асосий транспорт йўлларининг ўтказувчанлигини ошириш, ташқи савдо юкларини ташишнинг энг катта улуши тўғри келадиган темир йўл транспортининг ҳаракатланувчи ва ташувчи қисмларини модернизация қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Пандемия даврида халқаро юк ташишда 5600 га яқин ёпиқ вагонлар,
1 280 совутгичли ва махсус вагонлар жалб этилди.

Шу билан бирга, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, темир йўл соҳасига кейинги 5 йил ичида қўшимча 7 минг юк вагонлари керак бўлади. Шу муносабат билан вагон ва контейнерларга эга бўлган хусусий логистика операторлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бундан буён, давлат фақат темир йўл инфратузилмаси ва локомотив хизматлари билан боғлиқ масалаларни тартибга солади, юк вагонлари билан таъминлаш бозор тамойиллари асосида амалга оширилади. Шу муносабат билан, темир йўл вагонларини импорт қилишда хусусий тадбиркорлар учун бериладиган имтиёзлар 2025 йилнинг 1 январигача узайтирилди.

Ўзбекистон – қитъа ичида жойлашган, экспорт шартнома қийматида транспорт харажатларининг улуши юқори бўлган мамлакат ҳисобланади. Жаҳон бозорларида муваффақиятли рақобат қилиш учун экспорт юк оғирлигини камайтириш, юқори технологик маҳсулотлар улушини ошириш, тайёр ва чуқур қайта ишланган маҳсулотлар турларини сезиларли даражада кенгайтириш зарур. Шу билан бирга, 2-3 минг км дан узоқ бўлмаган радиусда жойлашган анъанавий бозорларда ўз позицияларимизни мустаҳкамлашимиз керак.

Автомобиль транспортида халқаро юк ташишлар

Халқаро юк ташувчилар уюшмаси маълумотига кўра, 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига халқаро юк ташишда иштирок этувчи транспорт воситаларининг сони 2017 йилга нисбатан 3,5 баробар ошди. 

2017 йилда берилган божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар туфайли юк ташувчи автомобиллар парки Евро 4-6 юк автомобиллари билан янгиланди. Халқаро юк ташиш ҳажми 1,5 баробар ошди. Жумладан, халқаро юк ташишда 888 транспорт компаниялари иштирок этади, уларнинг 62% Евро-4 стандартидан паст бўлмаган автомобиллар билан жиҳозланган. Автотранспорт паркининг мустаҳкамланиши нафақат темир йўл транспорти билан рақобат воситаси, балки аҳоли бандлигини кенгайтириш учун пойдевор ҳамдир. Масалан, ўтган беш йил мобайнида халқаро ташувларга жалб этилган хусусий сектор томонидан юк автомобиллари сотиб олиниши туфайли 50 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 августдаги “Автомобиль транспортида юк ташувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги №ПҚ-5225-сонли Қарорига мувофиқ, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситаларини 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда уларга божхона божининг, утилизация йиғимининг ва автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари белгиланди:

- «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8701 20, 8704 22 (самосваллардан ташқари);

- тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39).

Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситалари 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда мажбурий сертификатлашдан озод этилади:

- «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган юк ва махсус автотранспорт воситалари;

- автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркамалар ва ярим тиркамалар

Ушбу чора-тадбирлар мамлакат экспорт ва импорт товарларини ташишда йўл транспортининг улушини ошириш, хизматлар сифатини
3 ва 4 PL даражасигача яхшилаш имконини беради.

 

Ҳаво транспорти

 Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ХФАТ) маълумотларига кўра, пандемия фуқаро авиациясига қақшатқич зарба берди. Мисол учун, ЕИ кўрган зарар 57–98 млрд. долларни ташкил қилиши мумкин. Ички рейсларга кўрсатилган зарар эса пандемиянинг қандай кечишига қараб, 10 млрд. доллардан 18 млрд. долларгача бўлгани тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон ҳаво транспорти ҳам пандемиядан сезиларли зарар кўрди. Шу билан бирга, давлатнинг қўллаб-қувватлаши туфайли самолётлари парки модернизация қилинмоқда, қатновлар географияси кенгаймоқда, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларига мунтазам ва чартер рейсларни амалга ошириш ҳуқуқини олган хорижий компаниялар сони сезиларли даражада кўпаймоқда.

2019 йил 1 октябрдан  Бухоро, Нукус, Қарши ва Термиз халқаро аэропортларида эркинликнинг бешинчи даражасига эга “Очиқ осмон” режими жорий этилди. Бу чет эл компанияларига Ўзбекистондан рўйхатдан ўтмаган бошқа мамлакатларга ҳам парвоз қилиш имконини беради. Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро, Навоий ва Урганч аеропортларида “Очиқ осмон” режими ҳеч қандай чекловларсиз жорий этилди.

Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд аэропортларида, техник имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ХФАТга аъзо давлатларнинг барча хорижий авиакомпанияларига йўловчи рейсларини Ўзбекистон ташувчилари фаолият кўрсатмаётган маршрутларда частота чекловисиз амалга ошириш ва бешинчи ҳаво эркинлиги ҳуқуқи берилди. “Навоий” ва “Термиз” аэропортларида хорижий авиакомпанияларга еттинчи ҳаво эркинлигигача юк ташувларини амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Еттинчи даражали эркинликка эга “Очиқ осмон” режими ҳар қандай хорижий авиакомпанияларга рўйхатдан ўтиш мамлакатидан қатъи назар, ҳар қандай частота билан парвозларни амалга ошириш имконини беради. Янги йўналишлар очиш ёки парвозлар сонини оширишни режалаштирган хорижий авиакомпаниялар Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Авиация агентлигига зарур ҳужжатларни тақдим этишлари зарур бўлади.

Хорижлик экспертларнинг фикрича, Тошкент Шарқни Ғарб билан, Жанубни Шимол билан боғловчи йирик халқаро марказга айланиш учун катта имкониятларга эга шаҳар ҳисобланади.

2017-2021 йилларда мамлакат транспорт ва транзит салоҳиятини ривожлантириш, темир йўл транспортини модернизация қилиш, шунингдек, йўллар, аэропортлар, логистика марказлари, чегара, божхона, санитария, фитосанитария, ветеринария ва транспорт назорати шохобчалари ўтказувчанлик имкониятларини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг транспорт, логистика ва транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича бир қатор Фармон ва Қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги №ПФ-5643 “Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг қўйидаги устувор вазифалари белгиланди:

- маҳаллий товарлар ва хизматларнинг ташқи бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

- самарали транспорт коридорларини шакллантириш;

-экспорт маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб бериш географиясини диверсификациялаш;

- замонавий логистика тармоқларини ривожлантириш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги №390-сон ВМҚ Қарори билан Вазирликка қуйидаги вазифалар юклатилди:

- ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш;

- транзит салоҳиятини ошириш;

- логистика ва транспорт йўлакларини такомиллаштириш;

- экспорт маршрутларини диверсификациялаш;

- манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига транспорт, транспорт коммуникациялари ва халқаро логистика соҳасида ташқи савдо сиёсати бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва тақдим этиш;

- транспорт ва логистика соҳаларида хорижий давлатлар билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

- транспорт-коммуникация тизимини халқаро транспорт коммуникацияларига интеграциялаш;

- янги транспорт йўналишлари (йўлаклари)ни яратиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилинадиган хавфли товарлар, қурол-яроғ, ҳарбий техника, ҳарбий мулк, портловчи моддалар ва маҳсулотлар транзити тўғрисида хулосалар тақдим этиш ва бошқалар.

Тасдиқланган дастурларга мувофиқ, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасини Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан боғловчи “Хитой – Марказий Осиё – Жанубий Кавказ – Туркия” мультимодал транспорт коридори ташкил этилди. Қўйида келтирилган янги муқобил транспорт йўлаклари бўйлаб мунтазам юк ташиш йўлга қўйилди:

- “Ўзбекистон – Қозоғистон – Россия – Грузия – Туркия”;

- “Ўзбекистон – Қозоғистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия”;

- “Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия”;

- “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” ва бошқалар.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу транспорт коридорлари халқаро савдони сезиларли даражада ривожлантириш, хорижий инвестицияларни ошириш ва одамларнинг турмуш шароитларини яхшилашда катта аҳамиятга эга.

Айтиш мумкинки, халқаро савдони кенгайтириш, қарз барқарорлиги кўрсаткичларини яхшилаш, экологик, ижтимоий ва коррупцион хавфларни юмшатишга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш - муваффақиятимизнинг гаровидир.

Айни пайтда, юқорида келтириб ўтилган коридорлар бўйлаб жойлашган минтақа мамлакатларида ҳанузгача маълум даражада инфратузилма соҳасидаги камчиликлар, транзит сиёсатини уйғунлаштириш ва унификациялаш даражасининг етарли эмаслиги кузатилмоқда. Савдо ва инвестициявий сиёсат кўп ҳолларда чекловчи характерга эга ҳамда коридорлар ўтадиган мамлакатлар ўртасидаги савдо битимлари тўлақонли ишламайди.

Шу сабабли, ушбу мамлакатларнинг савдо ҳажми мавжуд салоҳиятдан 50 фоиз, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса 70 фоиз паст бўлиб қолмоқда. Самарадорлик кўрсаткичлари паст бўлган мамлакатларда юкларнинг чегараларда туриб қолиш муддати юқори иқтисодий кўрсаткичларга эга бўлган мамлакатларга нисбатан
бир неча маротабагача кўп бўлиши мумкин. Осиё тараққиёт банкининг маълумотларига кўра, минтақада, мисол учун “Бир макон, бир йўл” доирасида юк ташиш вақтини бир кунга қисқартириш мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажмини 5,7% гача ошириши мумкин.

Халқаро транспорт коридорлари транспорт харажатларини оптималлаштириш, етказиб бериш ва назорат ўтказиш нуқталаридан ўтиш вақтларини қисқартириш каби асосий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.

Бошқа томондан, транспорт коридорларини муваффақиятли ривожлантириш ва диверсификация қилиш коридор бўйлаб жойлашган мамлакатларни боғловчи ишлаб чиқариш – етказиб бериш занжирида ўзбек тадбиркорлариниг улушини ошириши мумкин. Бу минтақавий импортда қўшилган қиймат маҳсулотлари ҳажмини, шунингдек, ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг бошқа мамлакатлар экспортида акс этадиган ички қўшилган қийматдаги улушини ошириш имконини берар эди. Бундай ҳолатда, Ўзбекистон ушбу коридорлар бўйлаб жойлашган мамлакатларни ўзига жалб этувчи марказ мақомига эга бўлиши мумкин.

Коридорларнинг ривожланиши Ўзбекистон юкларини Латвия, Литва, Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Покистон, Туркия, Эрон ва Хитой денгиз портларидан фойдаланган ҳолда ташиш билан бевосита боғлиқдир. Ушбу тадбирлар ташқи савдо товарларини, айниқса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш жараёнида “Ягона ойна”, “Яшил Йўлак”, “Ягона бекат”, “E-TIR”, “E-Freight”, “ГЛОНАСС”, “GSM”, “RFID” механизмларини жорий этиш билан бир бутунликни ташкил этади.

Ташқи савдонинг барқарор ўсиши қисман, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муваффақиятидан далолат беради. Шу муносабат билан ишончли, 24 соат мобайнида ва йил давомида узлуксиз транспорт – коммуникация алоқаларини шакллантириш Ўзбекистон ва бутун минтақа иқтисодиётини узоқ муддатда ривожлантиришнинг асосий драйверларидан бирига айланиши лозим.

 

Халқаро транспорт билан боғлиқ барча саволлар бўйича қуйидаги манзилларга мурожаат қилиш тавсия этилади:

 

Темир йўл транспорти

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ

Телефон: (+998 71) 237-98-17 (41-817),

237-97-67 (41-767), 238-89-60 (48-960)

Веб-сайти: https://www.railway.uz/ru/uslugi/gruzovye_perevozki/158/

Эл.манзил: mm@uzrailway.uz

Манзил:Тошкент шаҳар, Т.Шевченко кўчаси, 7-уй.

 

“Ўзтемирйўлэкспедиция” УК

Телефон: (+99871) 238 8417,

238 8407, 238 8866,

238 8752, 238 8811;

Манзил:Тошкент шаҳар, Т.Шевченко кўчаси, 7-уй.

 

“O‘ztemiryo‘lkonteyner” AJ

Телефон: (+99878) 148 3778

Веб-сайти: https://www.utk.uz

Эл.манзил: info@utk.uz

Манзил:Тошкент шаҳар, Фарғона йўли кўчаси, 11/13-уй.

 

Ҳаво транспорти

“Uzbekiston Airways” АЖ

Телефон: (+998 78) 140-20-93/94/95

Веб-сайт: https://corp.uzairways.com/uz/yuk-tashish-qoidalari

Эл.манзил: cargo@uzairways.com

Манзил: Тошкент шаҳар, Амир Темур шоҳ кўчаси, 41-уй

 

“Uzbekistan Airports” АЖ

Телефон: (+998 78) 140-28-26, 140-28-21

Юкларни бронлаш учун: (+998 78) 140-28-25

Веб-сайт: corp.uzairways.com/ru/uslugi-po-perevozke-gruzov-i-pochty

Эл.манзил: sopgp@uzbairports.uz

Манзил: Тошкент шаҳар, Қумариқ кўчаси, 13-уй

 

Автомобиль транспорти

“Халқаро автомобилда юк ташувчилар уюшмаси”

Телефон: (+99871) 273-03-13, 273-97-75

Веб-сайти: www.aircuz.uz

Эл.манзил: aircuz@ars.uz

Манзил: Тошкент шаҳар, Бунёдкор кўчаси, 44-уй.

 

 

Юк ва йўловчилар ташиш

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги

Телефон: (+998 71) 202-22-55, 241-72-01

Веб-сайти: www.mintrans.uz

Эл.манзил: info@mintrans.uz

Манзил: Тошкент шаҳар, Зулфияхоним кўчаси, 3-уй.

 

Хорижда мамлакатимиз компанияларини юк ва пассажир ташиш фаолияти билан боғлиқ  масалалар

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

Телефон: (+99871) 233 4501, 233 6946, 233 2828

Веб-сайти: www.mfa.uz

Эл.манзил: info@mfa.uz, consul@mfa.uz, murojaat@mfa.uz

Манзил: Тошкент шаҳар, Амир Темур кўчаси, 3-уй.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирилиги ҳузуридаги Экспортни ривожлантириш агентлиги

Телефон: (+99871) 252-42-18

Веб-сайти: www.epauzb.uz

Эл.манзил: logistika@epauzb.uz

Манзил: Тошкент шаҳар, Т.Шевченко кўчаси,34A-уй.

 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Телефон: (+99871) 238-50-32/35

Веб-сайти: www.mift.uz

Эл.манзил: info@mift.uz, mf85@mift.uz, mf86@mift.uz, mf87@mift.uz, mf96@mift.uz

Манзил: Тошкент шаҳар, Ислом Каримов кўчаси, 1-уй.

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech