Русский Ўзбекча English

“Роуд-шоу” хорижий инвестицияларни жалб этиш воситаси сифатида

Қулай инвестициявий муҳит – бу иқтисодиётни ривожлантириш, минтақалар ва тармоқларга инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг асосий омили ҳисобланади. Шу билан бирга, мамлакатда инвестициявий муҳитининг асосий кўрсаткичларидан бири бу хусусий секторнинг ривожланганлиги ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги роли ҳисобланади. Иқтисодиётда давлат улушининг сақланиб қолиши корхоналарнинг рақобатбардошлиги юксалишига, уларнинг технологик ривожланишига, ишлаб чиқаришининг ошишига ва янги иш ўринларининг яратилишига тўсқинлик қилади. Бунинг энг тўғри изоҳи шундаки, номукаммал рақобат шароитида корхоналар эгалари ва раҳбарлари харажатларни камайтириш ва фойдани кўпайтириш учун ҳеч қандай рағбатга эга бўлмайдилар, ва шунга мос равишда бошқарув қарорлари вазиятни тўғри акс эттирувчи молиявий ҳисоб-китоб тизимисиз оддий ички хиссиётлар асосида қабул қилинади.

Бозор муносабатларига жадал ўтишни таъминлаш, шаффоф ва рақобат муҳитини шакллантириш ва иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида тадбиркорлик фаолиятини фаол ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда давлат активларини оммавий хусусийлаштириш ва давлат улушига эга корхоналарни трансформациялаш ишлари бошланди.

Иқтисодиётда давлат иштирокидаги корхоналар улушини тубдан камайтириш ва улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилайдиган энг муҳим ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрда қабул қилинган “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6096-сонли Фармони бўлди.

Янги ҳужжат давлат иштирокидаги 3 мингга яқин корхона фаолиятини тўлиқ ўрганиб чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳлар фаолиятининг якуни бўлди.

Фармонга мувофиқ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига маҳаллий ва халқаро инвесторларни жалб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни, шу жумладан, корхоналар улушларини оммавий ким ошди савдосига қўйишдан олдин бўлажак харидорлар иштирокида мунтазам учрашув ва тақдимотларни ўтказиш орқали амалга ошириш топширилди.

Ҳозирги кунда Вазирлик томонидан пандемия ва ковиддан кейинги даврда Ўзбекистонда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича қўлланилган механизмлари, бизнес юритишнинг асосий афзалликлари, шунингдек, трансформациялаш ва хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат активларининг батафсил тавсифи келтирилган рўйхати тўғрисидаги маълумотларни очиб берувчи тақдимот материаллари тўплами тайёрланди. Материаллар хорижий инвесторлар билан ишлашда келгусида амалда фойдаланиш учун Ташқи ишлар вазирлигига юборилган.

Давлат улушига эга бўлган корхоналар ва ушбу рўйхатга киритилган объектлар лойиҳаларининг тегишли тақдимотлари ва паспортлари ишлаб чиқилгач, Ташқи ишлар вазирлиги уларни чет элларда фаол тарғиб қилиш ва реклама қилиш бўйича “роуд-шоу” жадвалини тасдиқлайди.

Манфаатдор инвесторлар ушбу рўйхат билан Давлат активларини бошқариш агентлиги веб-сайтида қўйидаги ҳавола орқали танишишлари мумкин: https://davaktiv.uz/ru/privatization

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech