Русский Ўзбекча English

2019 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг №ПҚ-4409-сонли “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Жаҳон банки гуруҳига кирадиган Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга ошириладиган “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳа республиканинг ўрта ва кичик шаҳарларида шаҳар инфратузилмасини такомиллаштириш ва кичик бизнес учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни ўз ичига олади. Бунга асосий инфратузилма тўсиқларни ҳамда узоқ муддатли ривожланишни чекловчи омилларини бартараф этиш орқали ҳаёт сифатини, ўрта шаҳарлар функционаллиги ва жозибадорлигини яхшилаш киради. Шундай қилиб, шаҳарларнинг айрим ҳудудларида функционал жиҳатлар юксаланади ва турмуш шароитлари яхшиланади.

Хусусан, лойиҳа сув таъминоти ва канализация тармоқларини яхшилаш, шаҳарларни ободонлаштириш, Чортоқ шаҳрида пиёдалар ва велосипед Эко-йўллакларини лойиҳалаш ва қуриш, Когон шаҳрида сайёҳлик объектларини барпо этиш, Когон-Бухоро йўналишида махсус автобус ҳаракатланувчи қисмини ташкил этиш ва бошқаларни назарда тутади.

Бу пилот лойиҳа ҳисобланади. Унга ўхшаш лойиҳалар Ўзбекистонда илгари амалга оширилмаган. Лойиҳанинг мақсади шаҳар режалаштиришнинг самарали ечимлари орқали шаҳарларнинг иқтисодий ривожланишини рағбатлантиришдир. Лойиҳанинг биринчи босқичи билан Чортоқ, Когон ва Янгийўл шаҳарлари қамраб олинган.

2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг "Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш" лойиҳаси доирасида ХТТБ маблағлари ҳисобидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:

Чортоқдаги собиқ 17-болалар боғчаси биносининг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида тўлиқ қайта таъмирланди ва модернизация қилинди; (болалар боғчаси биноси "Ёшлар ижодиёт маркази"га мослаштирилмоқда).

Энергия самарадорлигини ошириш мақсадида Чортоқ ҳокимлигининг биноси тўлиқ қайта таъмирланди ва модернизация қилинди; (туман аҳолисига қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида бинода фуқароларни қабул қилиш учун бўлинмалар жойлаштирилиши режалаштирилмоқда.)

Лойиҳа шаҳарларининг экологик муҳитини яхшилаш, шунингдек, туман ҳокимликларининг моддий базасини ривожлантириш мақсадида махсус техника сотиб олинди ва етказиб берилди. Жумладан, Чортоқ, Когон ва Янгийўл шаҳарлари ҳокимликларига автокранлар, сув ташувчилар, авария сув таъминоти машиналари, сув сепиш машиналари, ахлат ташувчи машиналар, экскаваторлар, ичимлик сувини ташиш учун автоцистерналар ва бошқалар қабул қилинди.;

Сотиб олинган махсус техникага хизмат кўрсатиш ва сақлаш учун тегишли шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида лойиҳа доирасида Чортоқ, Когон шаҳарларида гараж мажмуалари қурилиши якунланди ва Янгийўл шаҳрида гараж қурилиши давом этмоқда.

Лойиҳа амалга оширилаётган шаҳарларнинг туристик жозибадорлигини ошириш ва бу соҳада тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Чортоқ шаҳри марказидаги Эски бозор биносини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадлари ва ҳаёт сифатини ошириш имконини беради. Бозор биносини реконструкция қилиш жараёнида лойиҳанинг асосий вазифаси бинонинг асл меъморий ва таркибий қисмлари ва мозаик элементларини сақлаб қолишдир.

Бундан ташқари, Чортоқ, Когон ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш бўйича техник-иқтисодий асослар, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш якунланди. Айни пайтда Янгийўлда сув таъминоти ва Когон шаҳрида оқава сув тизимларини қуриш ва қайта таъмирлаш учун пудратчи ташкилотларни танлаш жараёни давом этмоқда.

Шунингдек, лойиҳа доирасида Чортоғ шаҳрида велосипед ва пиёдалар Эко-йўли қурилиши бўйича лойиҳа-смета ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш якунланди.

Шу билан бирга, халқаро консалтинг компаниялари томонидан Когон, Чортоқ ва Янгийўл шаҳарларини ободонлаштириш (шу жумладан, Когон-Бухоро йўналишида махсус автобус ҳақаракати учун йўл қисмини ташкил этиш), шунингдек, Когон шаҳрида маданий мерос объектларини қайта таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилмоқда.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech