Давлат рамзлари
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ГЕРБИ
Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги 616-XII-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «O'ZBEKISTON» деб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «O'ZBEKISTON» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ БАЙРОҒИ
Давлат байроғи Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрдаги 407-XII-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ МАДҲИЯСИ
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрдаги 768-ХII-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.
Мутал Бурҳонов мусиқаси
Абдулла Орипов сўзи
Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
Нақорат:
Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали тинчлик посбони,
Хақсевар, она юрт, мангу бўл обод!
Нақорат:
Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Географик жойлашуви
Ўзбекистон Марказий Осиёда жойлашган бўлиб, минтақадаги бошқа давлатлар орасида жуда қулай табиий-географик шароитларга эга. Мамлакат ҳудуди ўзига хос паст-текислик ва тоғ рельефини ўз ичига олади.
Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмини (4/5 қисми атрофида) пасттекисликлар ташкил этади. Шулардан энг муҳими Турон паст-текислигидир. Мамлакат шарқи ва шимолий шарқида Тян-Шань ва Помир тоғ (мамлакатнинг энг юқори нуқтаси (4643м) тизмалари жойлашган. Ўзбекистон ҳудуди марказида дунёнинг бепоён чўлларидан бири — Қизилқум ястаниб ётади.
Республика ҳудудининг 1/5 қисмини тоғ ва тоғ олди ҳудудлар ташкил этади. Шарқий ҳудуди ўрта ва баланд тоғли рельефдан иборат. Мамлакат ҳудуди Ғарбий Тян-Шань (Угом, Пскем, Чотқол ва Қурама тоғ тизмаси) ва Помир-Олой (Зарафшон, Туркистон, Ҳисор, Қўҳитангтоғ ва Бойсунтоғ тоғ тизмаси) тоғ тизмалари ёнбағрини ўз ичига олади. Жанубдан ғарбга томон улар қиялаб боради ва паст-текисликка қўшилиб кетади. Ушбу тоғлар орасида улкан Қашқадарё, Сурхондарё, Зарафшон ва Самарқанд воҳалари ястаниб ётади. Буларнинг энг каттаси ҳисобланган Фарғона водийси -узунлиги 370 километр, кенглиги 190 километрга етади. У уч томондан баланд тоғ билан ўралган ва фақат ғарб томони текисликдир. Афғонистон билан чегара ҳудудда Амударё дельтаси ёйилиб ётади.
Ҳудуд
Ўзбекистон Республикаси Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган бўлиб, умумий майдони 448,9 минг км.кв.ни ташкил этади. Республика ҳудуди шарқдан ғарбгача 1 425 км ни, шимолдан жанубгача эса 930 км ни ташкил этади.
Республика шимолда ва шимолий-шарқда Қозоғистон, шарқда ва жанубий-шарқда Қирғизистон ва Тожикистон, ғарбда Туркманистон, жанубда эса Афғонистон билан чегарадошдир. Давлат чегарасининг Афғонистон билан узунлиги — 137 км., Қозоғистон — 2.203 км., Қирғизистон — 1.099 км., Тожикистон — 1.161 км. ва Туркманистон билан — 1.621 км.
Аҳоли
Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 2021 йил 1 январь ҳолатига 34 558,9 минг кишини ташкил этган.
Миллий байрамлар
![]() |
14 январь - Ватан ҳимоячилари куни |
![]() |
8 март - Халқаро хотин-қизлар куни |
![]() |
21 Март - Наврўз
|
![]() |
9 май - Хотира ва қадрлаш куни |
![]() |
1 сентябрь - Мустақиллик куни Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллатлар вакиллари миллати, дини ва ирқидан қатъий назар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фаол нишонлайдилар. |
![]() |
1 октябрь - Устоз ва мураббийлар куни Мактаб ва ўқув муассасаларнинг ўқувчилари ҳаётнинг илк билимларини берган устозларга чуқур иззатдадирлар. Ушбу кунда ўқитувчиларни миннатдорчилик билан, гуллар ва совғалар билан ҳаёт йўлида машаққатли меҳнати учун чин юракдан табриклашади. |
![]() |
8 декабрь - Конституция куни |
![]() |
Рамазон Ҳайити Ушбу шартларни бажаргандан сўнг уч кундан иборат бўлган Рамазон Ҳайити бошланади. "Рамазон Ҳайити"нинг биринчи куни дам олиш куни ҳисобланади. |
![]() |
Қурбон Ҳайити Мусулмонлар томонидан нишонланадиган дунёдаги энг катта диний байрамлардан биридир. Бу байрамнинг негизи, ўз ўғлини Оллоҳ йўлида қурбон қилишга тайёр бўлган Пайғамбар Иброҳим (а.с.) билан боғлиқ бўлган тарихий воқеага тақалади, шунда унинг ҳаракати Оллоҳ томонидан тўхтатилиб ўрнига ҳайвон (қўй, туя ва бошқа жонлиқ) қурбон қилиш буюрилади. Байрам уч кун давом этади ва мусулмонлар бу кунларни оила ва қариндошлар даврасида ўтказадилар. Байрам кунлари кишилар узоқ-яқинда яшовчи яқинларини ҳолидан хабар оладилар, муҳтожларга ёрдам берадилар. "Қурбон Ҳайити"нинг биринчи куни дам олиш куни ҳисобланади. |